Бу ҳақда «Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги (31.08.2022) Президент фармонининг 11-бандида қуйидагича белгилаб қўйилган эди:
«Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий ҳимоя дастурлари қамровини кенгайтириш йўналиши доирасида 2022 йил 15 сентябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти истиқомат қилаётган ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган шахслар учун темир йўл ва авиайўловчилар чипталарини сотиш 50 фоизлик имтиёзли тарифлар бўйича амалга оширилсин ҳамда йўловчи ташувчи компанияларнинг ушбу имтиёзларни тақдим қилиш билан боғлиқ харажатлари Ўзбекистон Республикаси бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилсин».
«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ хабарига кўра, имтиёз 2022 йил 15 сентябрдан барча маҳаллий йўналишда ҳаракатланадиган йўловчи поездлар учун амал қилади.
Ҳозирча «Ўзбекистон ҳаво йўллари» компанияси бундай имтиёз шартлари ҳақида хабар бермади.
Президент фармонида имтиёзнинг қачонгача амал қилиши белгиланмаган.

