Ғайриоддий юмшоқ об-ҳаво Европада табиий газ нархининг янги йил бошида пасайишда давом этишига ёрдам берди. 2 январь, душанба куни Нидерландия газининг TTF шартнома нархлари мегаватт/соат учун 70,30 евродан бошланди. Охирги марта Европа гази 2022 йилнинг февралида, Россиянинг Украинага қарши уруши бошланишидан олдин бу қадар арзонга сотилган эди.

Бир мунча вақт ўтгач, TTF нархи 73 еврогача кўтарилди. Умуман олганда, декабрь ойининг бошидан буён у ўртача ярмига камайди. Рекорд нархлар ўтган ёзда қайд этилган (мегаватт/соат учун 345 евро). Бунга Россиядан табиий газ етказиб бериш тўхтатилгани сабаб бўлган. 

Ҳозирги мўътадил ҳарорат шароитида Европада газ истеъмоли камайиб бормоқда. Янги йилга келиб, Германияда ҳаво ҳарорати баъзи жойларда ортиқча 20 даражадан ошди. Германия об-ҳаво хизмати доимий равишда кузатиб бориш даври учун мамлакатдаги энг илиқ янги йил кечасини қайд этди. Табиий газ нархининг пасайишига Европада сўнгги пайтларда шамол турбиналаридан тобора кўпроқ энергия ишлаб чиқарилаётгани ҳам таъсир кўрсатди. 

Германиядаги газ омборлари ҳозирда 90 фоиздан ортиққа (90,12 фоиз) тўлган. Германияда газ захиралари кетма-кет ўн биринчи кундан бери тўпланмоқда.