Бош прокуратура департаментининг хабар беришича, фирибгарлик жинояти учун сиртдан айб эълон қилиниб, қидирувга берилган фуқаро А.А. ва унинг шериги Ш.А. ўзаро тил бириктириб, 2022 йилда МЧЖ шаклидаги нодавлат университетини очган ва шу муассасага киритиб қўйиш ваъдаси билан ўқиш истагини билдирган 18 нафар фуқаронинг жами 152 млн 900 минг сўмини олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Шунингдек, департаментнинг Денов туман бўлими томонидан ҳам шунга ўхшаш ҳолат аниқланган. Унга кўра, терговга қадар текширув давомида фуқаро Х.М. қўшни Тожикистонда таҳсил олаётган 21 нафар талабанинг ўқишини юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Ўзбекистондаги ОТМга кўчириб бериш эвазига жами 15 минг 300 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.
Департаментга кўрса, юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

