Қирғизистонда 2027 йил 1 январдан полимер плёнкали пакетлар ва пластмасса буюмларни ишлаб чиқариш, сотиш ва бепул тарқатиш тақиқланади. Президент Садир Жапаров тегишли қонунни имзолади. 

Қабул қилинган ҳужжат полимер материалларнинг Қирғизистон аҳолиси саломатлиги ва атроф-муҳитга зарарли таъсирини камайтиришга қаратилган. Шунингдек, полиэтилен пакетлар ва пластик буюмларни олиб кириш ҳам тақиқланмоқда. 

Шу билан бирга, Қирғизистоннинг алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ва биосфера ҳудудларида 2024 йил 1 январдан бошлаб полимер плёнкадан тайёрланган пластик буюмлар ва пакетлар ишлаб чиқаришга ҳам тақиқ жорий этилди. Экспорт учун ишлаб чиқарилган пакетлар, биологик парчаланадиган полимер материаллардан тайёрланган, тутқичлари бўлмаган ва маиший эҳтиёжлар учун сотиладиган пакетлар бундан мустасно.

Савдоси тақиқланган пластик маҳсулотлар рўйхатига қуйидагилар киритилган:  бир марталик пластик идишларнинг барча турлари, бир марталик пластик озиқ-овқат қадоқлари, пластик шиша, пластик капсулалар ва озиқ-овқат учун пластик сумкалар.