Испаниянинг Таълимни халқаролаштириш хизмати (SEPIE) билан ҳамкорликда Кадис шаҳрида Ўзбекистон ва Испания олий таълим муассасалари ректорларининг учрашуви ташкил этилди.
«Дунё» хабарига кўра, тадбирда Ўзбекистон томонидан Олий таълим, фан ва инновация вазирлиги вакиллари ва 8 та олий таълим муассасалари ректорлари, Испаниядан эса Ташқи ишлар, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари, Олий таълимини халқаролаштириш бўйича хизмати (SEPIE), Кадиc шаҳри мэрияси, Испания ректорлар конференцияси ташкилоти ва 10 та университет ректорлари иштирок этди.
Томонлар икки давлат ўртасида олий таълим соҳасида улкан салоҳият мавжудлигини, ёшлар орасида ўзбек ва испан тилларига қизиқиш тобора ортиб бораётганини қайд этди. Ўз навбатида, таълим соҳасида нафақат тилларни ўрганиш, балки, бошқа йўналишларда ҳам ўзаро қизиқиш борлиги таъкидланди. Хусусан, томонлар қишлоқ хўжалиги, ирригацияда сув тежаш технологияларини жорий этиш, кончилик, муҳандислик, қайта тикланувчи энергия ва бошқа соҳаларда мутахассисларни тайёрлаш ва қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш йўналишларида ҳам ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиш билдирди.
Тадбир якунида икки давлат ОТМ ўртасида бир қатор ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар ва талабалар алмашинувини, шу жумладан, Европа Иттифоқининг «Эразмус+» дастури доирасида йўлга қўйиш ва келгусида қўшма таълим лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олинди.

