Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирланди.
Унвон давлат ҳокимияти вакиллик органлари ҳамда мамлакат соғлиқни сақлаш тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати, миллий сайлов тизимини умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, демократик ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш борасидаги катта хизматлари, юксак салоҳиятли кадрларни тайёрлаш, ёш авлодни она ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга қўшган муносиб ҳиссаси, шунингдек, таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан берилди.
Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Зайниддин Низомхўжаевга ушбу унвон ва кўкрак нишонини топширди.
Тиббиёт фанлари доктори, профессор З.Низомхўжаев узоқ йиллар қатор масъул лавозимларда фидокорона меҳнат қилган. У 2014 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан мукофотланган.

