Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида ноқонуний тарзда таваккалчиликка асосланган лотерея ўйинларини ўтказиб келган шахслар жиноий жазога тортилди.

Kun.uz ўрганган суд ҳужжатида келтирилишича, 1984 йилда туғилган Рашид Ибрагимов ҳамда 1985 йилда туғилган Темур Байрамов 2022 йилдан 2023 йил 5 сентябр кунига қадар Youtube’даги “Тўрткўл-95” канали орқали ноқонуний тарзда лотерея ўйинини ташкил қилиб, ўтказиб келган. Улар ўйин чипталарини Россия ва Қозоғистондаги ўзбекистонлик мигрантларга 1400 рубл ёки 8 500 тенгедан, Ўзбекистон ҳудудида эса 200 минг сўмдан сотган.

Ўйиннинг ҳар бир турида 6290 та чипта сотувга чиқарилган ҳамда ютуқ сифатида 5-6 та автомобил, турли маиший техника воситалари қўйилган.

Рашид Ибрагимов ва Темур Байрамов 2023 йил 5 сентябр куни Тўрткўл тумани Шўрахон овули ҳудудида навбатдаги тур ўйинини жонли эфир орқали ўтказаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан тезкор тадбирда ушланган. Уларга қамоққа олиш тартибидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Жиноят ишлари бўйича Шуманай туман судининг 2024 йил 20 мартдаги ҳукми билан Ибрагимов ва Байрамов Жиноят кодексининг 278-моддаси (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) 2-қисми “а, б” бандлари ҳамда 243-моддасида (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Уларнинг ҳар бирига 7,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, жиноий фаолият натижасида легаллаштирилган жами 56 млрд 623 млн сўм маблағ судланувчилардан солидар тартибда давлат фойдасига ундирилиши белгиланган.

Қорақалпоғистон Республикаси суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2024 йил 30 сентябр кунги ажримига кўра дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Kun.uz 2022 йилнинг май ойида Қорақалпоғистонда ноқонуний лотерея оммалашаётгани, жумладан, “Тўрткўл-95” канали шундай фаолият билан шуғулланаётгани ҳақида суриштирув эълон қилганди.