«Ғазодаги уруш: Фаластин давлати учун кутилаётган ижтимоий-иқтисодий оқибатлар» номли ҳисоботда қайд этилишича, мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2024 йилда 35,1 фоизга қисқариши, ишсизлик даражаси эса 49,9 фоизга етиши прогноз қилинмоқда.
Баҳолашларга кўра, қайта тикланиш ва реконструкция учун инвестицияларни гуманитар ёрдам билан бирлаштирадиган комплекс режалар, шунингдек, иқтисодий чекловларнинг ечилиши мамлакат иқтисодиётига 2034 йилга бориб Фаластинни ривожлантириш режаларини амалга оширишга кўмаклашиши мумкин. Бироқ бундай сценарий фақат тикланиш ҳаракатларида ҳеч қандай чекловлар бўлмаслигини назарда тутади.
«Бизнинг баҳолашларимиз ҳалокатга учраган миллионлаб одамларнинг ҳаёти ва ўнлаб йиллар давомида барбод қилинган ривожланиш ҳаракатлари ҳақида бонг уришга қаратилган», — дейди БМТ Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси ижрочи котиби Рола Дашти.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, дунёда 1,1 миллиард одам ўта қашшоқликда яшаяпти ва уларнинг деярли ярми — 455 миллион киши можаро ёки беқарорлик мавжуд мамлакатларда истиқомат қилади.
Аввалроқ дунёда ҳамон 733 миллион киши очликдан азият чекмоқда, уларнинг аксарияти Африка минтақасида яшаётгани тўғрисида хабар берилганди. Дунёнинг 36 та давлатида тўйиб овқатланмаслик билан боғлиқ ҳолат «жиддий», олтитасида эса «ўта жиддий» дея таърифланмоқда.


