«Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2024 йил 1 ноябрдан:

- хорижий иш берувчилар томонидан таклиф этилаётган иш ўринлари ҳақидаги барча маълумотлар Миграция агентлигининг электрон платформаси, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда очиқ эълон қилиб борилади;

- Агентликнинг электрон платформасида фуқароларга ўз резюмесини шакллантириш ва жойлаштириш ҳамда эълон қилинган иш ўринлари бўйича танловларда эркин иштирок этиш имконияти яратилади;

- вақтинча меҳнат фаолиятига чиқиб кетаётган фуқароларга Миграция жамғармаси ҳисобидан 10 миллион сўмгача икки йил муддатга микрокредитлар ажратилади;

- фуқароларнинг хорижда ишга жойлашиши ва «ишчи виза»га оид ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича бепул консалтинг хизматлари кўрсатилади.

2024 йил 1 декабрдан:

- Агентлик томонидан таълим ташкилотларида хорижга ишга кетмоқчи бўлган фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш бўйича буюртмалар жойлаштириш тартиби жорий этилади;

- хусусий бандлик агентликлари томонидан лицензия олиш учун захира қилинадиган маблағлар миқдори БҲМ 8500 бараваридан 4000 бараваригача туширилади.

2026 йил 1 январгача Агентликнинг фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда танлаш, хорижга ишга юбориш ва ишга жойлаштириш билан боғлиқ функциялари босқичма-босқич хусусий бандлик агентликларига ўтказилади.