Анархистлар Франция ривиерасида электр таъминотидаги йирик узилишлар учун жавобгарликни ўз зиммаларига олишди. Бу ҳақда 25 май, якшанба куни Франциянинг Грас ва Драгинян туманлари прокуратурасига тақдим этилган аноним баёнотга асосланиб, BFMTV медиа компанияси хабар берди.

Баёнот 25 май куни ўта сўл фаоллар томонидан бошқариладиган веб-сайтда эълон қилинди, деб хабар беради BFMTV. Унда муаллифлар ўзларини «Франция ривиерасидаги электр таъминоти объектларига қилинган ҳужум» учун жавобгарликни ўз зиммаларига олган икки «анархистлар гуруҳи» деб таништиради.

«Канн кинофестивалининг тақдирлаш маросими ва тантанали оқшом арафасида биз Канн агломерациясини таъминловчи асосий подстанцияни ўчириб қўйдик ва Ниццадан келаётган 225 кВ электр тармоғини уздик», — дейилади хабарда.

Муаллифларнинг қўшимча қилишича, «ўз идеалларини ҳимоя қилиш учун» улар минтақадаги тадқиқот марказлари, авиация ва аэрокосмик компаниялар, стартаплар, аэропорт ва бошқа саноат, ҳарбий ва технологик объектларни электр энергиясисиз қолдиришни хоҳлаган.

Баёнотнинг ҳақиқий экани ҳали тасдиқланмаган.