Тасвирий ва амалий санъатни ривожлантириш ва жаҳон миқёсида оммалаштириш учун Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятининг асосий устувор йўналишлари бўлади:
- тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳаси ходимларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг самарали ижод қилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
- истеъдодли ёш рассомлар учун мўлжалланган ижодий устахоналар фаолиятини ташкил этиш, уларнинг шахсий ва жамоавий кўргазмаларини уюштириш;
- истеъдодли ёшларни креатив лойиҳаларга кенг жалб этиш;
- халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва бошқалар.
Ўзбекистоннинг 2026-2027 йилларга мўлжалланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида қуйидагилар режалаштирилмоқда:
- Бадиий кўргазмалар дирекциясининг кўргазма залини реконструкция қилиш, Замонавий галерея биносини қуриш ва 40 та ижодий устахонадан иборат Ёш рассомлар маркази фаолиятини йўлга қўйиш;
- миллий усулда қоғоз тайёрлаш бўйича ўқув-ишлаб чиқариш устахонасини яратиш;
- Павел Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабининг қўшимча ўқув биносини қуриш.
Ҳужжатда истеъдодли ёш рассомларни "устоз-шогирд" анъаналари асосида тарбиялаб келаётган таниқли ижодкорларни Бадиий академияга ажратилган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар ой МҲТЭКМнинг 1,6 бараваригача миқдорда қўшимча рағбатлантириш назарда тутилган.

