Тошкент вилоятида газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари, туман/шаҳар газ таъминоти бўлими ва Ўзэнергоинспекция ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган мана шундай тадбирларда “зангори ёқилғи”дан фойдаланишда қоидабузарлик содир этганлар аниқланди.

Тошкент туманида жойлашган “И. С. С.” МЧЖга қарашли мебел ишлаб чиқариш корхонасида табиий газдан фойдаланиш ҳолати ўрганилганда, истеъмолчи таъминот идораси билан шартнома тузмасдан, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани маълум бўлди. Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 1 миллиард 134 миллион сўмлик зарар аниқланди.

Яна бир ноқонуний ҳолат туманнинг “Чинор” МФЙда жойлашган “Д.Д.А.” ЯТТга қарашли овқатланиш масканида фош этилди. Бинода ҳисоблагичдан ташқари резина шланг орқали тармоққа уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани маълум бўлди. Мазкур ҳолат бўйича 137 миллион сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Юқоридаги ноқонуний ҳолатларга оид барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилди.