Фаластин тарафдорлари намойиши Испаниянинг Билбао шаҳрида «Вуэлта» велопойгаси 11-босқичини тўлиқ якунлашга имкон бермади. AP хабарига кўра, пойга финишга 3 км масофа қолганида тўхтатилди.
«Маррадаги воқеалар туфайли биз финишга 3 километр қолганда пойгани тўхтатдик. Босқич ғолиби бўлмайди», деб эълон қилди ташкилотчилар.
Қайд қилинишича, финишга яқин жойни Фаластин байроқлари ва Фаластинни қўллаб-қувватловчи плакатлар кўтарган намойишчилар эгаллаган. Ташкилотчилар полиция чақиришга мажбур бўлган.



11-босқич олдидан Профессионал велосипедчилар ассоциацияси (CPA) пойгачилар, хусусан, «Исроил - Premier Tech» жамоаси хавфсизлиги бўйича хавотир билдириб, хавфсизлик чораларини кучайтиришга чақирган эди.
Бир кун аввал трассадаги норозилик намойишлари «Intermarche - Wanty» пойгачиси Симоне Петиллининг йиқилишига сабаб бўлди.
Испаниянинг «Вуэлта» велопойгаси «Тур де Франс» ва «Жиро д’Италия» билан бир қаторда учта асосий кўпкунлик пойгалардан бири. Пойга 14 сентябр куни Мадридда якунланади.

