Гуржистон Ички ишлар вазирлиги Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) раиси, Финландия ташқи ишлар вазири Элина Валтоненни 5000 лари (тахминан 1580 евро) миқдорида жаримага тортди. Бу ҳақда 16 октябр, пайшанба куни Гуржистоннинг Биринчи канали мамлакат Ички ишлар вазирлигига таяниб хабар берди. Сиёсатчи «Руставели проспектида [йўлни] ноқонуний равишда тўсиб қўйгани учун» жаримага тортилди», — дейилади баёнотда.

Валтонен 14 октябр куни Гуржистон парламенти олдидаги норозилик намойишида қатнашди. У ерда у «мамлакатидаги репрессив йўлдан хавотирда бўлган» намойишчиларни қўллаб-қувватлаган видеомурожаатни ёзди ва ижтимоий тармоқларда эълон қилди. «Улар демократия, сўз эркинлиги ва асосий инсон ҳуқуқларига тўла ҳақли. Биз уларни қўллаб-қувватлаш учун шу ердамиз», — дея таъкидлади ЕХҲТ раиси.

Жарима чиқаришдан аввал Гуржистон Ташқи ишлар вазирлиги ЕХҲТ котибиятига норозилик нотаси юборган. Унда айтилишича, Валтонен ўзининг расмий ташрифи дастуридан четга чиқиб, кичик фаоллар гуруҳига қўшилган ва «ҳақиқатни акс эттирмаган» очиқ баёнот билан чиққан. Гуржистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, ЕХҲТ раиси шу орқали «халқаро ҳамжамиятни Гуржистондаги вазият юзасидан чалғитмоқчи бўлган», деб хабар бермоқда маҳаллий Биринчи канал.