“Интеллектуал фаолият натижаларини рағбатлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори (ПҚ–358-сон, 27 ноябр 2025 йил) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2026–2027 йилларда интеллектуал мулк соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари қуйидагилар этиб белгиланди, жумладан:

мамлакатда рўйхатдан ўтказилган интеллектуал мулк объектлари сонини 100 мингтага етказиш;
интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш орқали экспертиза муддатларини 2 баробарга қисқартириш.

Шунингдек, қарор билан Адлия вазирлигининг мавжуд “Саноат мулки муҳофазаси” ва IP Protection ахборот порталлари негизида ягона “Интеллектуал мулк муҳофазаси” портали ишга туширилиши белгиланган. Ушбу платформа орқали:

интеллектуал мулк масалаларига оид мурожаатларни онлайн қабул қилиш;
интеллектуал мулк объектлари билан боғлиқ шартномаларни онлайн тарзда тузиш;
контрафакт товарлар, шунингдек, интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузганлиги учун фаолияти чекланган веб-сайтлар тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш имкони яратилади.

Кутилишича, қабул қилинган чора-тадбирлар интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини замонавийлаштириш, ихтирочилар ва муаллифларни янада фаолроқ рўйхатдан ўтишга рағбатлантириш, шунингдек, барча жараёнларни рақамлаштириш ҳисобидан шаффофлик ва тезкорликни таъминлашга хизмат қилади.