Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси, “Тошкент-АЭРО” ИБК тезкор тузилмалари ва “Электрон тижорат” божхона пости ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида икки ҳолат аниқланди.
Текширув жараёнида хориждан келган жўнатмалардан бирининг ичида 414 грамм, яна бирида эса 490,5 грамм оғирликдаги “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги фош қилинган.
Маълум бўлишича, ҳар иккала ҳолатда ҳам гиёҳвандлик воситаси интернетдаги наркодўконлардан бирининг куратори, ҳозирда Таиландда истиқомат қилаётган 32 ёшли фуқаро томонидан юборилган.
Маълумот ўрнида, “Электрон тижорат” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари 2023–2025 йиллар давомида халқаро почта ва курерлик жўнатмалари орқали 14 кгга яқин гиёҳвандлик воситалари, 150 кгдан зиёд психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларни олиб ўтишга уриниш билан боғлиқ 73 та ҳолатга чек қўйган.
Тегишли тартибда процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда.

