Бахтиёр Саидов ўзининг маълум қилишича, мулоқот аввалида сўнгги воқеалар оқибатида тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлгани муносабати билан Эрон томонига таъзия изҳор этилди. Шунингдек, жабрланган оилаларга нисбатан ҳамдардлик билдирилди.
Томонлар суҳбат давомида минтақадаги ҳозирги вазият юзасидан фикр алмашди. Қайд этилишича, ҳар қандай кейинги кескинлашув жиддий гуманитар ва хавфсизлик оқибатларига олиб келиши мумкин.
Шу муносабат билан Ўзбекистон томони барча келишмовчилик ва низоларни тинч йўл билан ҳал этиш муҳимлигини таъкидлади. Суҳбат чоғида барча муаммолар фақат мулоқот ва дипломатия орқали ҳал этилиши лозимлиги ҳақидаги қатъий ва изчил позиция яна бир бор тасдиқланди.
Томонлар минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш халқаро ҳамжамият учун устувор вазифа бўлиб қолишини таъкидлади.

