Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, “2026–2035 йилларда саратонга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон миллий дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси тайёрланган.
Лойиҳага кўра, 2026–2035 йилларда саратон касалликларига қарши курашишнинг асосий мақсадлари сифатида қуйидагилар белгиланмоқда:
- хавфли ўсма касалликларини эрта босқичларда аниқлаш улушини 45 фоиздан 59 фоизгача ошириш;
- хавфли ўсма касалликлари аниқланган беморларнинг беш йиллик яшовчанлигини 40 фоиздан 55 фоизгача етказиш;
- онкологик беморларнинг камида 80 фоизини замонавий ташхислаш ва даволаш технологиялари билан қамраб олиш;
- аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган ва олдини олиш мумкин бўлган саратон турлари — ўпка, бачадон бўйни, ошқозон ва жигар саратони билан касалланишни 5 фоизга камайтириш.
Шунингдек, Миллий дастур доирасида онкологик касалликларни эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш назарда тутилган.
Қайд этилишича, Республика ихтисослашган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказини Миллий онкология марказига айлантириш ҳам режалаштирилмоқда.
