Аббосхўжаевнинг айтишича, илгари текширувлар кўплиги сабабли тадбиркорлар дарвоза тақиллашидан қўрқиб ишлаган.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги ўн йил ичида соҳадаги солиқлар икки баравар камайди, бу эса бизнеснинг очиқ ва «мазза қилиб» ишлашига имконият яратди.
“Офисимиз кичик жойда жойлашган бўлиб, хорижий ҳамкорлар маҳсулотларини етказиб беришга қўрқарди. Хорижий валютани конвертация қилиш бир неча ой, баъзан йилларга чўзиларди, маблағни четга чиқариш учун биржага чиқишга ва ҳар хил схемалардан фойдаланишга мажбур бўлардик. Ҳозир эса ҳисоблардаги пул бир соатда, бир кунда чиқиб кетади — ҳеч қандай муаммо йўқ. Барчамиз маза қилиб ишлаяпмиз. Барча тадбиркорлар, заводлар акционерлари — шу ерда ўтирибди. Компаниялар айланмаси миллиардга етди, барчани расман миллионер қилдингиз», — деди Аббосхўжаев.
Азизхўжа Аббосхўжаев президентдан икки масалада ёрдам сўради: заводга йўл йўқлиги ва электр таъминоти муаммолари.
Шавкат Мирзиёев ҳар икки масалани протоколга киритишга топшириқ берди ва инфратузилма бўлмаса, корхона ишлай олмаслигини таъкидлади.

