Украиналик теннисчи Никита Белозерцев спорт фуқаролигини ўзгартирди. Энди у Ўзбекистон байроғи остида ўйнайди. Бу ҳақда Ўзбекистон теннис федерацияси хабар берди.
17 ёшли Белозерцев ITF ўсмирлар рейтингида Украинанинг биринчи ракеткаси эди ва ҳозир умумий рейтингда 13-ўринни эгаллаб турибди. Ўтган йили у Сербияда бўлиб ўтган ITF М15 турнирида ўзининг дебют профессионал унвонини қўлга киритди.
«Никита Белозерцевнинг терма жамоага қўшилиши Ўзбекистон теннисининг халқаро майдондаги салоҳиятини янада оширади», дейилади хабарда.
Сўнгги 1 йил ичида бир қанча россиялик теннисчилар - Мария Тимофеева, Камилла Раҳимова ва Полина Кудерметова Ўзбекистон байроғи остига ўтди.

