Туркия парламенти 15 ёшдан кичик болаларга ижтимоий тармоқларга киришни тақиқловчи қонунни қабул қилди, деб хабар берди Reuters.
Қонунга кўра, платформалар фойдаланувчиларнинг ёшини текшириш бўйича чоралар кўриши шарт.
Ўйин платформалари ҳам ушбу талабга риоя қилиши керак бўлади – улар ўйинларни ёш тоифаларига қараб ажратишлари лозим.
Бундан ташқари, фойдаланувчилари сони кўп бўлган платформалар Туркияда ўз вакилига эга бўлиши талаб қилинади.
Аввалроқ Yeni Şafak газетаси Туркияда болалар ва ўсмирлар иштирокидаги қуролли воқеалардан сўнг ҳукумат болалар учун махсус сим-карталар жорий этишга қарор қилгани ҳақида ёзганди. Ушбу сим-карталар номақбул контентни блоклаш тизими билан таъминланади.
Шунингдек, ҳукумат VPN-сервисларни блоклаш ҳамда 18 ёшдан кичик болаларга интернетдан фойдаланишни чеклаш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

