2026 йилдан бошлаб ишлаб чиқарилганига 30 йил ва ундан ортиқ бўлган автомобилларни бозор нархида сотиб олиш ва утилизация қилиш тизими йўлга қўйилади. 

Янги тартибга кўра, ишлаб чиқарилганига 30 йилдан ошган транспорт воситалари эгаларидан бозор нархида баҳоланиб, харид қилинади. Автомобил эгалари билан ҳисоб-китоб қилиш жараёнида янги автомобилнинг бошланғич тўлови учун электрон ваучер тақдим этиш ёки ваучер суммасини пулга айлантириб бериш таклиф этилади.

Истеъмолчи ушбу ваучер орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги автомобилларни имтиёзли шартларда харид қилиши мумкин бўлади. Бунда ваучердаги маблағ чегирма сифатида ҳисобланиб, қолган тўловни бир йилдан ортиқ муддатга бўлиб тўлаш имкони яратилади.

Эски автомашинасини ўз вақтида утилизацияга топширмаган фуқаролар йилига бир маротаба базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробари миқдорида экологик компенсация тўлайди.