Тошкент шаҳрида чўкаётган аёл ҳамда уни қутқармоқчи бўлган Миллий гвардия ходими ҳалок бўлди. Бу ҳақда Millar дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, бир аёл Хотира хиёбони яқинида Бўзсув каналига ўзини ташлаган. Унинг сувда оқиб кетаётганини Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳарбий хизматчилари кўриб қолган. Хизматчилардан бири аёлнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида дарҳол сувга тушган.

Бироқ каналдаги кучли оқим туфайли аёл ҳам, Миллий гвардия ходими ҳам сувга чўкиб, ҳалок бўлган. Хабарда ҳалок бўлган ходим 2005 йилда туғилгани, яқин кунларда унинг тўйи ўтказилиши режалаштирилгани айтилган. 

Аёлнинг жасади воқеа содир бўлган куни топилиб, яқинларига топширилган. Ҳарбий хизматчининг жасади ҳам қутқарув хизматлари томонидан олиб борилган қидирув ишлари натижасида топилган. 

Аввалроқ Чирчиқда Бўзсув каналига тушиб кетган фуқаро қутқариб қолинганди.