Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 июлдаги 373-сон қарори билан «Туристлар оқимини кўпайтиришга хизмат қиладиган ишбилармонлик (MICE туризм) тадбирларини республика ҳудудида ташкил қилувчи тадбиркорлик субъектларига республика бюджетига ҳақиқатда тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасининг 50 фоизини қайтариш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, MICE туризм тадбирларини ташкил этган тадбиркорлик субъектларига улар томонидан ҳақиқатда тўланган ҚҚС суммасининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилиб берилади.
Компенсация олиш учун тадбиркор MICE туризм тадбири якунланган кундан бошлаб уч ой ичида Миллий туризм ягона платформаси орқали Туризм қўмитасига электрон мурожаат юбориши лозим.
Мурожаатга тадбир ҳақидаги маълумотлар, тадбир дастури, харажатлар сметаси ёки калкуляцияси, электрон ҳисобварақ-фактуралар, онлайн назорат-касса чеклари, банк тўлов ҳужжатлари, чет эллик иштирокчилар рўйхати ҳамда уларнинг Ўзбекистонга кириш ва чиқишини тасдиқловчи маълумотлар илова қилиниши керак.
Туризм қўмитаси тақдим этилган ҳужжатларни беш иш куни давомида кўриб чиқади.
Шунингдек, ҚҚСнинг 50 фоизи қайтарилганидан сўнг аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи натижасида компенсация миқдори ўзгарса, ортиқча қайтарилган маблағлар қонунчиликда белгиланган тартибда республика бюджетига қайтарилади.
Ҳукумат мазкур тартиб орқали Ўзбекистонда халқаро конференциялар, форумлар, кўргазмалар ва бошқа ишбилармонлик тадбирларини кўпроқ ўтказиш, шу орқали мамлакатга келувчи хорижий сайёҳлар сонини оширишни мақсад қилган.

