«Муаммони ҳал этиш туман қурилиш бўлимига юклатилган», дейди ҳокимлик вакили.

Савол туғилади: тинч ва хотиржам яшаб турган фуқароларга муаммо яратиб берган ким? Қайси ақл ва фаросат билан бу ишга қўл урилди?

“Қамалда қолдик”

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Кичик ҳалқа йўли кўчасидаги Ойдин маҳалласида яшовчи фуқаролар уйлари олдига баланд бетон қоплама ётқизилганидан норози бўлиб Kun.uzʼга мурожаат қилди.

Аҳолининг айтишича, пиёдалар йўлаги қурилиши жараёнида айрим хонадонлар олдига қарийб 30 сантиметр баландликда цемент қопламаси ётқизилган. Натижада фуқароларнинг автомобилларини ҳовлига олиб кириши ва дарвозадан эркин кириб-чиқиши қийинлашган.

Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида мазкур ҳудудда бўлиб, аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди.Ҳудудда яшайдиганлардан бири қурилиш ишлари ҳақида маҳалла аҳолиси олдиндан огоҳлантирилмаганини айтди.

“Бу нарсани бизни ҳеч ким огоҳлантирмаган. Нариги ёғидан қилиб келишганда биз кўриб келдик. У ёқ томонда ҳаммаси тўполон қилса ҳам ҳеч ким қулоқ солмаганди. У ёқларни ҳам кўриб келсангизлар, ҳамма ёқ тўсилган. Машинаси борлар машинасини ҳам олиб кира олмайди. Бизнинг кўчада дарвозаларгача тўсиқ қилиб қўйишган. Кириб-чиқишга ҳам, бошқа қилишга ҳам. Бу, менимча, нотўғри: ‘Скорий’ келиши бор. Газонга қолдиришган, мана, дарахтларни экиб, ҳамма ёқни тўсиб ташлашяпти.

Машиналаримизни қаерга қўйишимиз керак? Масалан, сариқ полоса чизиб келишяпти. Хонадонга мана шу машиналарни ҳеч ким олиб кира олмаяпти. Мен ўйлайманки, машина кирадиган жойларимизни очиб беришса, машинамиз қўядиган жой ҳам қилиб беришса”.

Яна бир фуқаронинг айтишича, пиёдалар йўлаги қурилишида хонадонлар дарвозаси ва автомобиллар кириб-чиқиши ҳисобга олинмаган.

“Бўлаётган ишларга одам ҳайрон. Бу ерда бизни одам ўрнида кўришмаяпти. Давлат билмадим қаёққа қараяпти. Нима қилишяпти? Мана, дарвоза қуриб қўйганмиз. Ҳамма қўшниларимизнинг дарвозаси бор, бу ерга машина кириши керак. Энди мана шу тротуардан кейин қанақа машина киради? Майли, тротуар қилишар экан, кейин кўчага қўйишга ҳам рухсат беришмас экан. Бу нима аҳвол? Устимиздан кулишяптими, тушунмаяпмиз.

Меники иккита хонадондан кейин бошланади. У ерда умуман шунақа чуқурликки, бизга бир қарич жой қолдириб, у ёғига бетон қилиб, тепасига темир решётка қилиб қўйишар экан. Кулгили эмасми? Эртага мен тўй қилишим керак, болаларимни уйлантиришим керак. Меҳмонларим қанақа қилиб уйимга киради? Худди бизни одам ўрнида умуман кўришмаяпти. Решётка билан бизни қамоқхонага тириклайин тиқиб қўйишяпти ҳисоб-да. Бу қанақаси?

Нариги ёғдагиларнинг машиналари ичкарида қолиб кетган ҳолатлар ҳам бўлди. Қанақа қилиб олиб чиқишди, ўзларига маълум. Энди бизни ҳам худди шу аҳволга солиб қўйишмоқчи.

Керак бўлса, мана, сояда юришга ҳаракат қиламиз. Биз чуқурликда, ариқнинг ичида юрарканмиз энди. Ҳеч ким огоҳлантиргани йўқ.

“Хоҳласанглар ҳам шу, хоҳламасанглар ҳам шу. Сизлар айтган билан бўлмайди. Бу ҳокимиятнинг буйруғи, ҳокимиятнинг иши билан қилинаётган иш”, дейишяпти. Ҳайронмиз. Кимга мурожаат қилишга ҳам ҳайронмиз. Ҳокимиятнинг ўзи шу нарсани қилиб турганидан кейин билмаяпмиз”.

Ҳокимлик: “муаммо бартараф этилади”

Kun.uz ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги билан боғланди. Туман ҳокимлиги матбуот котиби, ҳокимнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Маъмур Пармоновнинг айтишича, пойтахтнинг бир қатор марказий кўчаларида пиёдалар йўлаклари реконструкция қилинмоқда.

Унинг сўзларига кўра, мазкур ҳудудда ҳам тасдиқланган лойиҳа асосида ишлар олиб борилмоқда, аммо қурилиш жараёнида юзага келган муаммолар бартараф этилади.

“Бугунги кунда биргина Мирзо Улуғбек туманида эмас, пойтахтимизнинг жуда кўп ҳудудларида марказий кўчаларда пиёдалар йўлаклари таъмирланяпти.

Жараёнда дастур бўйича нима кўрсатилган бўлса, амалий ишлар амалга оширилади. Лекин ҳозир бу жараёнда муаммо бор, йўқ эмас. Бартараф этилади. Сабаби аҳоли барибир хонадонига кириб-чиқиши керак, тўғрими?

Раҳбариятнинг хабари бор. Муаммодаги вазият тез орада бартараф бўлади. У шу йўсинда қолдирилмайди ҳеч қачон. Агар шу туришда қолдириладиган бўлса, аҳоли қанақа кириб-чиқади хонадонига?”

Ҳокимлик вакилининг билдиришича, масала бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилган ва муаммони ҳал этиш туман қурилиш бўлими зиммасига юклатилган.

“Мен ўзим матбуот котиби сифатида назоратга оламан, ўрганаман, фуқаронинг мурожаатини ҳам тинглаймиз. Нари борса, шу бир ҳафталар ичида ҳал бўлади. Боғланиб, қўшимча ахборот берамиз, айнан ҳолат бўйича расмий муносабат берамиз.

Шундай муаммони ҳал қиламиз. Сабаби шу туришда қолдириладиган бўлса, у ерда фуқаро кириб-чиқишига ҳам шароит йўқ. Агар олиб ташлаш керак бўлса, ўзининг белгиланган тартиб-қоидаси бор. Уларда ҳам кадастр ҳужжати бўлса керак, фуқарода ҳам. Шундан келиб чиқиб, муаммоли вазият бартараф этилади”.

Ҳокимликка кўра, муаммо бир ҳафта ичида ўрганилиб, хонадонларга кириб-чиқиш учун зарур шароит яратилади. 

Шу ўринда савол туғилади: тинч ва хотиржам яшаб турган фуқароларга муаммо яртиб берган ким? Қайси ақл ва фаросат билан бу ишга қўл урилди?

Саволларга жавоб излашда давом этамиз.