Олий суд матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, иш доирасида судланувчилар 6 киши бўлиб, улардан 2 нафарига, хусусан Ортиқовга қамоқ, қолган 4 нафарига гаров ва муносиб хулқ-атворда бўлиш эҳтиёт чоралари қўлланган.
Суд мажлислари жадвалига кўра, мазкур иш бўйича суд мажлиси жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида 20 июлга белгиланган. Судя – Очилов Ҳасан Рашидович.
Давлат активларини бошқариш агентлиги собиқ директори Акмалхон Ортиқов Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари билан айбланмоқда:
- 167-модда (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а,в,г” бандлари;
- 206-модда (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а,б” бандлари;
- 209-модда (Мансаб сохтакорлиги) 1-қисми ҳамда 2-қисми “а,б” бандлари.
Бошқа судланувчилар (Kun.uz уларнинг иш жойини очиқ манбалар асосида аниқлади; мазкур шахсларга қўйилаётган айбловлар кўрсатиб ўтилган иш жойларига алоқадор бўлмаслиги мумкин):
- “Smart Expert Group” МЧЖ баҳолаш компанияси раҳбари Жабборов Зиёвиддин Шавкатович;
- “Veritas” МЧЖ баҳолаш компанияси таъсисчиси ва раҳбари Ниғманхонов Зуҳриддин Зайниддинович;
- “Master Expert” МЧЖ баҳолаш компанияси таъсисчиси Халиткариев Равшан Пўлатжонович;
- “Kontinent Imkon Baho” МЧЖ баҳолаш компанияси раҳбари Жўраев Шерматжон ХХХ;
- Саидов Саиджон Комилжонович.
Эслатиб ўтамиз, Акмалхон Ортиқов Давлат активларини бошқариш агентлигини 2020 йил декабрдан 2026 йил январгача бошқарди. Бу даврда рўй берган кўплаб шубҳали хусусийлаштириш битимлари юзасидан жамоатчилик саволлари очиқ қолмоқда.
2026 йил 27 январ кунги селекторда президент Шавкат Мирзиёев Ортиқов ишдан олинганини маълум қилиб, Давактив ва “Ўзбекнефтгаз”да катта тафтиш кетаётгани, иккала ташкилотда миллиард-миллиард сўмлик талон-торожликлар аниқланганини айтганди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Давактив мансабдор шахслари бозор қиймати камида 250 млрд сўмлик ер участкасини ёпиқ аукционга чиқариб, 120 млрд сўмга сотиб юборган.
“Бу идораларда йиллар давомида коррупция авж олган бўлса, хавфсизлик масалалари учун масъуллар қаерга қараган?” деган саволни ўртага ташлаган президент ўша куни ДХХ раисига махсус хизматларнинг “Ўзбекнефтгаз” ва Давактивга масъул ходимларининг жавобгарлигини кўриб чиқишни буюрганди.
Аввалроқ “Ўзбекнефтгаз” собиқ раиси Баҳодир Сиддиқов ва бошқаларга нисбатан жиноят иши ҳам судга оширилгани хабар қилинганди.

