Президент Шавкат Мирзиёев Нурафшон шаҳридаги “Нурафшон махсус техника” корхонасига ташриф буюрди.

Умумий қиймати 50 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳа доирасида 25,8 гектар майдонда ташкил этилган “Нурафшон махсус техника” корхонасида бугунги кунда “KRANTAS” бренди остида махсус турдаги автомобиллар, ҳарбий техника ва турли механизмлар ишлаб чиқарилмоқда, 300 нафардан ортиқ юқори малакали мутахассис доимий иш ўрни билан таъминланган.

Ўтган даврда 2 ярим минг тоннага яқин металл конструкция, 300 дан зиёд автомобил устқурмаси, 200 дан ортиқ шасси ва 20 дан зиёд трактор ишлаб чиқарилди. Жумладан, ўтган йилда 275 миллиард сўмлик техника ва механизмлар буюртмачиларга етказиб берилди.
Корхона импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу мақсадда Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманидаги 10 гектар ер майдонида янги завод қуриш режалаштирилган. Бу эса йилига 15-18 миллион АҚШ долларлик маҳсулотларни маҳаллийлаштириш имконини беради.

Давлат раҳбари мажмуадаги ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулотлар ва замонавий технологик ечимларни кўздан кечирди. Соҳа мутасаддилари ва муҳандислар билан мулоқотда маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.




