Ниҳоят пулли йўл қурилиши старт олди
Тошкент-Самарқанд пулли автомагистрали қурилиши бошланди. Президент Шавкат Мирзиёев 22 июл куни Тошкент вилоятида қиймати қарийб 2,2 млрд доллар бўлган мазкур йирик инфратузилма лойиҳасига тамал тоши қўйди. Узунлиги 282 километр бўлган олти полосали автомагистрал 2030 йилгача фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Ушбу йўл Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги 13 та туман орқали ўтади. Лойиҳа доирасида 92 та кўприк, 28 та йўл ўтказгич ва 60 та туннел типидаги ўтиш жойи қурилади. Автомагистрал текис ҳудудларда соатига 150 километр тезликда ҳаракатланиш имконини беради.
Лойиҳа ишга тушгач, Тошкентдан Самарқандга сафар вақти 5 соатдан 2,5 соатгача қисқаради. Шунингдек, автомагистрал суткасига 60-80 мингта транспорт воситасини қабул қилиш қувватига эга бўлиб, юк ташиш таннархини 19-24 фоизга камайтириши кутилмоқда.
Собиқ катта амалдорлар иши судда
“Ўзбекнефтгаз”нинг собиқ раиси Баҳодир Сиддиқов ва яна саккиз нафар шахсга нисбатан жиноят иши судга оширилди. Олий суд маълумотига кўра, иш бўйича жами 9 нафар айбланувчи бор. Улардан беш нафари қамоқда, тўрт нафарига гаров эҳтиёт чораси қўлланган. Дастлабки суд мажлиси 24 июл куни Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида ўтказилади.
Айбланувчилар орасида “Ўзбекнефтгаз”нинг собиқ раҳбар ва ходимлари, шунингдек, Enter Engineering, Eriell Managment ва бошқа компаниялар раҳбарлари ҳам бор. Уларга асосан ўзлаштириш ёки растрата, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва мансаб сохтакорлиги бўйича айбловлар қўйилган.
Бу иш президент Шавкат Мирзиёев жорий йил январ ойида “Ўзбекнефтгаз”да миллиардлаб сўмлик талон-торожликлар аниқланганини маълум қилиб, соҳадаги коррупция ҳолатларини танқид қилганидан кейин қўзғатилган эди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги собиқ директори Акмалхон Ортиқовга нисбатан жиноят иши судга оширилди. Олий суд маълумотига кўра, иш бўйича 6 нафар айбланувчи бор. Ортиқов қамоқда, қолган тўрт нафарига гаров ва муносиб хулқ-атворда бўлиш эҳтиёт чоралари қўлланган.
Айбланувчилар орасида бир нечта баҳолаш компаниялари вакиллари ҳам бор. Уларга жуда кўп миқдордаги ўзлаштириш ёки растрата, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳамда мансаб сохтакорлиги билан боғлиқ айбловлар қўйилган.
Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев Давактивдаги тафтишлар давомида бозор қиймати камида 250 млрд сўмлик ер участкаси ёпиқ аукцион орқали 120 млрд сўмга сотиб юборилгани аниқланганини маълум қилган эди.
Аянчли авариялар
Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Мурунтов конида йирик автоағдаргич иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисасида икки нафар ишчи ҳалок бўлди. Ҳодиса 21 июл куни эрталаб «CAT-783» русумли автоағдаргич ва хизмат автомобили иштирокида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, хизмат автомобили бурилиш жойида автоағдаргич ҳаракатланаётган йўлга чиқиб кетган. Оқибатда оғир техника енгил автомобилни босиб ўтган ва автомобилда бўлган ҳайдовчи ҳамда яна бир ишчи воқеа жойида оғир тан жароҳатларидан вафот этган.
Навоий кон-металлургия комбинати маълум қилишича, ҳодиса сабабларини аниқлаш юзасидан ваколатли давлат идоралари томонидан махсус текширув ўтказилмоқда. Шунингдек, бундай бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича қўшимча хавфсизлик чоралари кўрилаётгани билдирилди.
Самарқанд шаҳрида ЙПХ хизмати автомобили иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисасида бир пиёда ҳалок бўлди. Ҳодиса 21 июл куни соат 18:15 ларда Самарқанд шаҳрининг Шаббод кўчасида йўл-патрул хизмати ходими бошқарувидаги хизмат автомобили пиёдани уриб юбориши оқибатида содир бўлган. Жабрланувчи воқеа жойида вафот этган.
Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ушбу ҳодиса акс этган видеони эълон қилди ва қисқа баёнотда “пиёда белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтаётган бўлгани»ни қўшимча қилди.
Видеода кўринишича, ҳодиса пиёдалар ўтиш йўлаги яқинида содир бўлган.
Бош прокуратура маълумотига кўра, ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
1 фоизлик солиқ кешбэки бекор қилиниши мумкин
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Фискал таҳлиллар институти 1 фоизлик солиқ кешбэки тизимини бекор қилишни таклиф қилди. Институт директори ўринбосари Дилшод Султоновнинг айтишича, кешбэк дастури дастлаб аҳолида чек талаб қилиш маданиятини шакллантириш учун вақтинчалик чора сифатида жорий этилган.
Унинг таъкидлашича, ҳозир кешбэк тўловларининг 80 фоизи шундоқ ҳам чек берадиган йирик савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари мижозларига тўғри келмоқда. Шу боис ҳар йили бюджетдан тахминан 150 млн доллар сарфлаш ўрнига чеклар учун ютуқли лотерея тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Шу билан бирга, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли учун озиқ-овқат ва дори воситалари харидида ҚҚСнинг 12 фоизини қайтариш тартиби сақлаб қолиниши, аммо уни такомиллаштириш режалаштирилган. Институт ҳисоб-китобларига кўра, 1 фоизлик кешбэк учун ажратиладиган маблағ 2026 йилда 1,8 трлн сўмга етиши мумкин.
