Жаҳон | 16:55 / 09.03.2019
15448
3 дақиқада ўқилади

Швецияда ўзбекистонлик шахс етти йилга қамалди. У терактга тайёргарлик кўргани айтилмоқда

Фото: Janerik Henriksson/Reuters

Швеция пойтахти яқинидаги Сольна округ суди Ўзбекистондан бўлган 46 ёшли шахсни терактга тайёргарлик кўргани учун етти йилга озодликдан маҳрум этди, кейинчалик у давлатдан депортация қилинади. Шунингдек, бу иш бўйича тўрт нафар шахс ИШИД террорчилик ташкилотини молиялаштириш айби билан судланди, деб хабар қилмоқда ТАСС суд инстанцияси маълумотига асосан.

«Ўн икки кун давом этган асосий эшитувлардан кейин Сольна округ суди террорчилик жиноятларига тайёргарлик кўриш ҳамда ИШИД фаолиятини молиялаштириш бўйича иш юзасидан қарор чиқарди. Уч киши жиноятга тайёргарлик кўришда айбланди, олти нафари - ИШИДни молиялаштиришда, - дея таъкидланади хабарда. - Суд бир шахсни террорчилик жиноятига тайёргарлик кўргани учун етти йилга озодликдан маҳрум қилди. Бошқа икки эркак ушбу жиноят бўйича оқланди».

Суд фикрича, айблов томонида судланувчи бомба тайёрлашда ишлатилиши мумкин бўлган кимёвий моддаларга эга экани ҳамда «у ИШИД номидан портлаш содир этишни режалаштиргани»га доир етарли далиллар мавжуд.

Олти айбланувчидан тўрт нафари ИШИД фаолиятини молиялаштиргани учун тўрт ойдан олти ойгача бўлган муддатга қамалди, бироқ улар жазо муддати тугаганидан кейин мамлакатдан чиқариб юборилмайди. Қолган гумонланувчиларга қарши далиллар суд томонидан етарли эмас деб топилди, шунинг учун улар оқланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойи бошларида Швецияда Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларига нисбатан суд бошланганди

Тергов маълумотларига кўра, уч гумондор - Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари. Улардан камида бир нафари 2017 йил 7 апрель куни Швеция пойтахти марказий савдо кўчасида одамлар устига юк машинасини ҳайдаб борган шахс, Ўзбекистон фуқароси Раҳмат Оқилов билан алоқада бўлган.

2017 йили 7 апрель куни Швеция пойтахти Стокгольмда юк машинаси йўл четидаги пиёдалар устига катта тезликда келиб, урилган. Дроттнинггатан кўчасида ҳаракатланиб келаётган юк машинаси тахминан 500 метр масофани босиб ўтиши билан Åhlens савдо маркази жойлашган бинога «бостириб кирганди». Ҳодиса жойида 5 киши вафот этди, яна 15 нафар тинч аҳоли вакиллари жароҳат олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид