Жаҳон | 20:38 / 21.12.2024
13127
5 дақиқада ўқилади

Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди

Россия ҳукумати Украина қуролли кучлари HIMARS билан зарба берганини билдирган. Қурбонлар ва яраланганлар бор.

Курск областидаги Рилск шаҳри 20 декабр куни ўққа тутилди. Курск области раҳбари Александр Хинштейн маълум қилишича, украин ҳарбийлари ракета зарбасини маҳаллий вақт билан соат 15:30 атрофида, HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимини қўллаган ҳолда йўллаган. Област губернаторининг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари бир неча ракетани уриб туширган. Mash телеграм-канали эса зарба беришда узоқ масофага ҳаракатланувчи ATACMS ракеталаридан фойдаланилгани ҳақида хабар қилган, бу маълумот мустақил манбалар орқали тасдиқланмаган.

Россия расмийларига кўра, Рилск ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бор. Хинштейн 21 декабр куни берган маълумотга кўра, беш киши ҳалок бўлган. Олдинроқ бир бола ҳам ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқалганди, аммо бу маълумот тасдиғини топмади. Хинштейннинг сўзларига кўра, жароҳатланганлардан ўн киши шифохонага ётқизилган, жумладан, 13 ёшли ўсмир ҳам. «Уларнинг жароҳати енгил деб таснифланган», — деган област раҳбари. Shot яраланганлар сони 18, Baza эса 30 киши эканини хабар қилган.

Рилск деярли тўлиқ электр таъминотисиз қолган, кўп қаватли уйлардаги айрим деразалардагина свет ёниб турганини кўриш мумкин, деб хабар берган ТАСС мухбири.

Рилскда Украина қуролли кучлари зарбасидан шикастланган уй
Евгений Мартинов / ТАСС / Profimedia

Маҳаллий ОАВ Рилскда ўнлаб бинолар шикастлангани тўғрисида ёзган. Хинштейннинг маълумотига кўра, Рилск авиация коллежининг ўқув ва ётоқхона корпуслари, Гранин номидаги област кўп тармоқли коллежи, Маданият уйи, жисмоний-соғломлаштириш комплекси, мактаб, ўт ўчириш қисми, загс, СДЭК ва Ozon компаниялари офислари шикастланган. Учта кўп квартирали уйнинг деразалари тўкилиб кетган. Бир неча хусусий уй ва 15 та автомобилга ҳам зарар етган. Портлаш тўлқини оқибатида Рилскдаги ибодатхона биноси ҳам зарарланган.

Рилскдаги вайрон бўлган уй
Евгений Мартинов / ТАСС / Profimedia
Рилскдаги Маданият уйи ҳам украин ҳарбийлари зарбасида шикастланган
Евгений Мартинов / ТАСС / Profimedia
Зарбага учраган жойга етиб келган ўт ўчирувчилар. Рилск
Евгений Мартинов / ТАСС / Profimedia

РФ мудофаа вазирлиги, худди Украина қуролли кучлари бош штаби каби Рилск ўққа тутилиши юзасидан изоҳ бермаган. РФ ТИВ расмийси Мария Захарова эса Россия БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Рилск бўйлаб ракета зарбалари йўлланганини муҳокама қилишини билдирган. Россиянинг БМТдаги вакили Василий Небензя Украина қуролли кучларининг Рилск бўйлаб зарбаси жавоби кўп куттирмаслигини айтган. Россия Тергов қўмитаси теракт ҳақидаги модда бўйича (ЖК 205-модда, 3-қисми, «б» банди) жиноий иш қўзғатган.

Россия жума куни тонгида баллистик ракеталар билан Киевга зарба йўллаганди. Ҳужумни қайтариш чоғида шаҳар марказидаги бинолар шикастланган. Бир киши ҳалок бўлиб, 13 киши яраланган. Россия мудофаа вазирлиги бу зарбани Ростов области ATACMS ва Storm Shadow ракеталари билан ўққа тутилишига жавоб деб атаган. Ўтган жума куни россиялик ҳарбийлар Украинанинг ўта муҳим инфратузилма объектлари бўйлаб ўнлаб ракеталар ва дронлар орқали зарбалар йўллаб, буни ATACMS ракеталари билан Таганрогдаги аэродром ўққа тутилишига жавоб деб атаганди.

Украиналик қутқарувчилар россияликлар дрони зарбасига учраган омборхона биносида. Киев области Бориспол райони
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA
Украиналик ҳарбий Киевдаги бино харобалари орасида
Roman Pilipey / AFP / Scanpix / LETA

Рилск — район маркази бўлиб, «Коммерсант» маълумотига кўра, бу ерда камида 15 минг киши яшайди. Шаҳар Украина чегарасидан 30 км масофада жойлашган, ундан Суджага қадар 70 км чиқади. Украина қуролли кучлари 6 август куни бошланган Россияга босқиндан кейин Курск областининг бир қисмини эгаллаб олганди, жумладан чегара яқинидаги Суджа шаҳри ҳамон украинлар назоратида қолмоқда.

Россия президенти Владимир Путин 19 декабр кунги жонли мулоқоти чоғида Россия армияси Курск областини қачон тўлиқ озод этиши мумкинлигини айта олмаслигини билдирганди. У муайян муддат белгилаш ҳарбий тактика нуқтайи назардан тўғри эмаслигини маълум қилган.

Мавзуга оид