Ўзбекистон | 16:15 / 24.08.2022
22193
2 дақиқада ўқилади

Президент администрациясининг Назорат инспекциясига янги раҳбар тайинланди

Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари Саидлазиз Саидкаримов Президент администрациясининг Назорат инспекцияси бошлиғи этиб тайинланди. Администрация раҳбари Сардор Умрзоқов инспекциянинг янги бошлиғига қатор ваколатлар берилганини маълум қилган. Унга кўра, Саидкаримов президент топшириқлари, қарор ва фармонлар ижросини назорат қилиб, уларга совуққонлик билан ёндашаётган раҳбарларга чора кўриш бўйича таклифлар киритиб боради.

Саидлазиз Саидкаримов

Бугун, 24 август куни Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов бошчилигида президент томонидан янги тайинланган кадрлар таништируви бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.

Kun.uz манбасининг хабар беришича, Администрация назорат инспекцияси бошлиғи лавозимига Саидлазиз Саидасилович Саидкаримов тайинланган. У бунга қадар Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаб келаётганди.

Унинг ўрнига эса Президент администрацияси шўъба мудири Ўткир Жуманов Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари бўлган.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда инспекциянинг янги бошлиғига президент топшириқлари, ижро интизоми, қарор ва фармонлар ижросини таъминлаш, вазифаларига совуққонлик билан ёндашаётган раҳбар ходимларга жазо бериш, уларни ишдан озод этиш ва қонуний жавобгарликкача тортиш юзасидан таклифлар киритиш ваколатлари берилган.

Саидлазиз Саидкаримов 1982 йил Тошкент вилоятида туғилган. 2002 йил Ўзбекистон Миллий университетини ҳуқуқшунослик мутахассислиги бўйича тамомлаган.

У 2002-2009 йилларда Сирдарё вилояти прокуратураси тизимида турли вазифаларда ишлаган. 2009-2018 йилларда Бош прокуратура бошқарма прокурори, катта прокурори, бошқарма бошлиғи ўринбосари, бошқарма бошлиғи лавозимларида фаолият олиб борган.

2018 йил февралдан 2020 йил сентябргача бош прокурор ўринбосари лавозимида ишлаган, шундан сўнг Ҳисоб палатаси раисига ўринбосар этиб тайинланган эди.

Мавзуга оид