Ўзбекистон | 09:00 / 13.11.2017
43100
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари ишдан олинди, Одилхон Рустамов унинг ўрнини эгаллади

Фото: toshkent.uz

Тошкент вилояти ҳокимининг Саноатни ривожлантириш, иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари алмашди. KUN.UZ манбаси маълумот беришича, шу кунгача бу лавозимда ишлаб келган Махмуд Сотиволдиевич Абдураҳмонов ўрнига Одилхон Бакиевич Рустамов тайинланган.

Одилхон Рустамов шу йилнинг 14 июлидан Ойбек Миртемиров ўрнига Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ҳокими лавозимида иш бошлаганди.

Одилхон Рустамов давлат солиқ хизмати тизимида 1993 йилдан бери турли лавозимларда, 2001-2005 йилларда Тошкент шаҳар Чилонзор, Учтепа туманлари давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, 2005-2009 йилларда Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Хоразм ва Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармалари бошлиғи лавозимларида ишлаган, 2009 йилнинг мартидан 2016 йил мартига қадар Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаганди.

У Шайхонтоҳур ҳокими бўлишдан аввал, 2016 йил мартидан бошлаб «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компаниясига раислик қилганди.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойи охирида Тошкент вилояти ҳокими Шукрулло Бобоев ҳамда вилоят прокурори Жамшид Файзиев  2017 йилги пахта мавсумида қўшиб ёзишларга йўл қўйилгани учун ишдан олинганди. Шукрулло Бобоев ўрнига бош вазир ўринбосари Ғуломжон Иномович Ибрагимов тайинланди.

Мавзуга оид