Ўзбекистон | 10:55 / 19.02.2020
38120
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидаги тўртинчи туманда ҳоким ўзгарди

Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Одилхон Рустамов Тошкент тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Одилхон Рустамов/Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Халқ депутатлари Тошкент тумани Кенгашининг навбатдан ташқари учинчи сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси президентининг маслаҳатчиси Шерзод Қудбиев ҳам иштирок этган сессияда ташкилий масала кўрилди. Вилоят ҳокими Рустам Холматов ўз нутқида қулай географик жойлашув, ривожланган бозор инфраструктураси, мева-сабзавотчиликда донғи кетган ўзига хос мактаб бўлишига қарамай, туман жуда кўп йўналишларда қўшни ҳудудлардан ортда қолганини айтиб ўтди, туманда ердан фойдаланиш, коммунал соҳа, норасмий ишлаётган ишчиларни легаллаштириш, қурилиш каби йўналишларда ўзибилармонлик, бошбошдоқлик юзага келгани кескин танқид қилинди.

Муҳокамалардан сўнг, Акбар Асқарович Сулаймоновни Тошкент тумани ҳокими вазифасидан озод этиш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарори Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари томонидан тасдиқланди.

  • Акбар Сулаймонов 2019 йилнинг январидан буён Тошкент туманига раҳбарлик қилиб келаётганди.

Рустам Холматов Тошкент тумани ҳокими лавозимига Одилхон Бакиевич Рустамов номзодини тавсия қилди. Унинг номзоди Тошкент тумани ҳокими лавозимига депутатлар томонидан тасдиқланди.

О.Рустамов фаолияти давомида Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари (2009-2016), «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси акциядорлик жамияти бошқарув раиси (2016), Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ҳокими (2017) лавозимларида фаолият юритган. У 2017 йилнинг кузида Тошкент вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари в.в.б. этиб тайинланганди.

Бундан олдинроқ, Тошкент вилоятининг Бўка, Бекобод ва Янгийўл туманларида ҳоким ўзгарганди. 

Мавзуга оид