Жамият | 15:00 / 04.03.2020
7128
6 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти ҳокими ядро физикаси институтида олимлар билан учрашди

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари, олимлари, тадқиқотчи ёшлар билан учрашди.

Очиқ мулоқот, суҳбат, ўзаро фикр алмашиш руҳида ўтган мазкур учрашувда вилоятимизда ташкил этилиб, бугунги кунда фаол иш олиб бораётган мева-сабзавотчиликка ихтисослашган агрокластерлар раҳбарлари, туман ҳокимлари ҳам қатнашди.

Фанлар академияси тасарруфидаги Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти лаборатория мудири Бахтиёр Расулов бир неча йиллардан буён қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишга мўлжалланган лойиҳа устида иш олиб бормоқда. У яратган ишланма айни пайтда қишлоқ хўжалигида фаол қўлланилмоқда. Мулоқот давомида Бахтиёр Расулов Тошкент вилояти ҳокимига ўзи ихтиро қилган қишлоқ хўжалиги учун ишланмаларини Тошкент вилоятида жорий этиш таклифини билдирди.

Бахтиёр Расулов, ЎзР ФА тадқиқотчиси:

– Қишлоқ хўжалиги касалликларига қарши қўлланилаётган агрохимикатлар меъёрларига амал қилмасликда, патоген микроорганизмлар табиатини тўлиқ ўрганмай туриб, уларга қарши кураш чораларини ишлаб чиқиш хато. Яъни ўсимликнинг табиатини билмасдан туриб, турли кимёвий воситаларни қўллайвериш ўсимликларда стресс ҳолатларини келтириб чиқаради. Бу эса, ўз навбатида, ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатади, натижада кутилган ҳосил олинмайди.

Ёш олим, шунингдек, ўзи меҳнат қилаётган институтда бу йўналишда қатор лойиҳалар амалга оширилганини, хусусан, фитопатоген микроорганизмларни аниқлаш, уларнинг тарқалиш ҳудудини ўрганиш, уларга қарши табиий кушандалар орқали курашиш биотехнологиялари мавжудлигини, амалиётга жорий этиш мумкинлигини билдирди.

Ядро физикаси институти етакчи олими Аҳрор Қорахўжаев Тошкент вилоятидан ички ҳудудларга, пойтахтга етказиб берилаётган ичимлик сувини кимё соҳасидаги энг сўнгги илмий ишланмалардан фойдаланган ҳолда, мунтазам равишда тозалаб бориш юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди. Олимнинг айтишича, айни пайтда Чирчиқ дарёсининг юқори ўзанидан пойтахт вилояти ва пойтахтга етказиб берилаётган тоза ичимлик сувининг сифати жиддий назоратга, фаннинг аралашувига муҳтож.

Тадбирда кўтарилган масалалар юзасидан Тошкент вилояти ҳокими муносабат билдирар экан, олимлар томонидан кун тартибига қўйилган барча масалаларни чуқур ўрганиб, амалиётга жорий этиш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилишини билдирди.

– Қишлоқ хўжалиги соҳаси бугун олимларнинг маслаҳати ва янги ишланмаларига ниҳоятда муҳтож, – деди Рустам Холматов. – Муҳтарам Президентимиз олдимизга ҳар бир ишни олимлар билан кенгашиб, чуқур таҳлил қилиб, сўнгра амалга ошириш вазифасини қўйганлар. Вилоятимизда ташкил этилган мева-сабзавотчилик кластерлари жаҳон бозори учун рақобатбардош, экологик талабларга жавоб берадиган маҳсулот етиштириши – айни пайтда ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамиятга эгадир. Бугунги учрашувдан пировард мақсад ҳам мана шу. Шунингдек, бугунги мулоқот давомида билдирилган барча таклиф ва мулоҳазалар яқин келажакда вилоятимиз мисолида ўз самарасини бериши учун ҳаракат қиламиз.

Анжуманда Фанлар академияси президенти, академик Беҳзод Йўлдошев кейинги йилларда мамлакатимизда илмий жамоатчилик ва ижро ҳокимияти ўртасида фаол мулоқотлар, амалий учрашувлар ташкил этиб борилаётгани фан-техника соҳасида эришилган ютуқларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Тадбир давомида ЎзР ФА олимлари томонидан яратилган илмий ишланмалар кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, академиянинг Ядро физикаси институти томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар билан яқиндан таништириш мақсадида, радиопрепаратлар, тиббиётда қўлланиладиган маҳсулотларга радиациявий ишлов бериш марказига экскурсия уюштирилди.

Экскурсия давомида ФА Ядро физикаси институти директори Илҳом Содиқов Марказ фаолияти ҳақида гапирар экан, ушбу Марказ республикамизнинг стерилланган тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қамраб олишини таъкидлади.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 декабрдаги ПҚ-4549-сонли «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда вилоят ҳокимининг 2019 йил 20 декабрдаги 852-сонли қарорига кўра, Қибрай, Тошкент, Зангиота, Янгийўл, Бўстонлиқ, Юқори Чирчиқ, Паркент ва Оҳангарон туманларида 24 та кластер ташкил этилди. Уларга 2020 йил ҳосили учун 15 минг 630 гектар ер майдонлари ажратилган.

Бириктирилган фермер хўжаликларини жами 15 минг 630 гектар ер майдони шундан, 4 минг 255 гектар боғ, 733 ток, 3 минг 337 гектар сабзавот, 350 гектар полиз, 232 гектар картошка, 288 гектар дуккакли ва 134 гектар бошқа турдаги экин майдонлари бириктириб берилди.

Шунингдек, бириктирилган мавжуд боғ ва токзорларни босқичма-босқич янгилаб бориш дастури ишлаб чиқилиб, шундан 2020 йилда 1 минг 932 гектар, 2021 йилда 884 гектар, 2022 йилда 1 минг 81 гектар замонавий интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш режалаштирилди.

Мева-сабзавотчилик кластерлар томонидан 2020 йилда 255 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш режалаштирилган. Прогнозларга кўра, Тошкент вилояти 2020 йилда 50 миллион АҚШ долларидан зиёдроқ миқдордаги маҳсулотни хорижга экспорт қилиши кутиляпти.

Шунингдек, ички бозорга 85 минг тонна, қайта ишлашга 78 минг тонна, захирага 48 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари йўналтирилади.

Мавжуд 24 та мева-сабзавотчилик кластерлари томонидан маҳсулотларни сақлаш, қайта ишлаш бўйича 2020 йилда 12 та лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларга жами 201 миллиард 100 миллион сўм маблағ йўналтирилади.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Мавзуга оид