Жамият | 07:55 / 24.06.2021
7899
5 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги тадбирларда кучли таъсир қилувчи дориларни ноқонуний сотган дорихоналар аниқланди

Кучли таъсир этувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйиш мақсадида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Тошкент шаҳар бўлинмаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари ўзаро ҳамкорликда йил бошидан бери бир неча бор тезкор тадбирлар ўтказди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳрида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний сотган дорихоналарга қарши қатъий чоралар кўрилаётгани ҳақида маълум қилди.

«Шундай дори воситалари борки, агар улар шифокор тавсиясисиз истеъмол қилинса, инсон ҳаётига жиддий хавф туғдиради. Хусусан, кучли таъсир қилувчи препаратларни нотўғри қўллаш туфайли ушбу фармацевтик маҳсулотларга қарам бўлиб қолиш ёки наркологик касалликларга йўлиқиш мумкин. Катта ҳаёт остонасида турган ўсмир йигит-қизлар орасида бу каби зарарли одатлар учраётгани ота-оналарни, халқимиз саломатлигига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқарони ташвишга солиши шубҳасиз.

Ахир, уларнинг бундай хатарли йўлга қадам қўйиши яқинлари, маҳалла-кўй ва таълим даргоҳлари учун ҳам қалтис оқибатларга олиб келиши турган гап.

Афсуски, орамизда ушбу моддалар инсон саломатлигига жиддий зарар етказишини била туриб, ёшлар орасида кучли таъсир қилувчи ва сифати кафолатланмаган бу дори воситаларини сотишга уринаётган кимсалар ва дорихона эгалари борлиги ачинарлидир», дейилади ССВ хабарида.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Тошкент шаҳар бўлими раҳбари Улуғбек Жуманиёзов таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситалари фақат рецепт асосида ижтимоий дорихоналар томонидан сотилиши белгиланганини қайд этиб ўтган.

«Маълумки, 2019 йил 6 сентябрда президентимизнинг «Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Унга кўра, 2019 йил 1 декабрдан бошлаб таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларининг чакана реализацияси (берилиши) фақат ижтимоий дорихоналар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш (бериш) фаолиятига лицензияси бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Бироқ афсуски, ўрнатилган ушбу тартибга қарамай, бугунги кунда рецептсиз берилмайдиган, фақат рухсатномаси бор дорихоналардагина сотилувчи бу дорилар турли ноқонуний йўллар билан ёшларимиз қўлига бориб қолмоқда», дейди у.

Аслида кучли таъсир қилувчи дори воситалари аҳоли сони ва касалланиш даражасининг уч йиллик статистикасига қараб, экспорт қилинади. Масалан, кўз касалликлари шифохоналарида диагностика қилиш ва бошқа муолажаларда ишлатиладиган «Тропикамид» дори воситаси ижтимоий дорихоналарга қатъий белгиланган миқдорда олиб келинади ва беморларга фақатгина рецепт асосида берилади. Кўча-кўйда ва айрим дорихоналарда ноқонуний сотилаётган кучли таъсир қилувчи дори воситалари юртимизга контрабанда усулида олиб кирилади ва сотилмоқда. 

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 14 мингдан зиёд дорихона фаолият юритиб келаётган бўлиб, шундан 2360таси Тошкент шаҳрида жойлашган.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг  Тошкент шаҳар бўлинмаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жорий йилнинг 16 июнь куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор ва Учтепа туманларида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний реализацияси билан боғлиқ 37та ҳолат аниқланди. Унда жами 62 337 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний муомаладан олинди.Мазкур ҳудудларда жами 8та дорихонада тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилиб, ноқонуний муомаладан 2 518 дона назорат остидаги дори воситалари олинди.

«Хусусан, ана шундай тадбирларда пойтахтимиздаги Юнусобод  тумани Осиё кўчасида жойлашган «Aziza pharmacy plus» МЧЖ,   Чилонзор туманида жойлашган «Farm luks» МЧЖ, «Atsefenak farm», «Gulshana pharm servis» МЧЖ, Учтепа туманида жойлашган «Impulus farm trade», «City open», «Farm standart navoiy» МЧЖ, Шайхонтоҳур туманида жойлашган «Салус онико» МЧЖга қарашли қатор дорихоналарда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдоси амалга оширилган.

Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонунда белгиланган тартибда мазкур дорихоналар эгаларини жавобгарликка тортиш чоралари кўрилмоқда. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига улар бўйича тақдимномалар киритилгач, белгиланган тартибда дорихоналар лицензияси олиб қўйилади ҳамда 3 йил давомида жавобгар шахсга лицензия берилиши ва муассасада дори-дармон савдоси амалга оширилиши тақиқланади», дейди Улуғбек Жуманиёзов.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги барча дорихоначиларга мурожаат қилиб, ноқонуний ҳаракатлар жиноий жавобгарлик ва лицензиядан маҳрум бўлишга олиб келишидан огоҳлантирган.

«Шу ўринда юртимиздаги барча дорихона эгаларини осон моддий даромад кетидан қувиб, маъмурий, ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши ҳамда лицензиясидан маҳрум бўлишига сабаб бўладиган ноқонуний фаолиятдан сақланишини сўраб қоламиз.

Энг асосийси, уларнинг бу ҳаракатлари туфайли ёш авлодимиз саломатлигига жиддий зарар етаётгани, келгусида жамиятимизнинг олди қаторларида бўлиши мумкин бўлган йигит-қизларнинг кучли таъсир қилувчи воситаларга қарам ҳолатга келиб қолиши ачинарлидир», дейилади хабарда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид