Ўзбекистон | 16:18 / 13.12.2025
1494
2 дақиқада ўқилади

Фармацевтикада нарх назорати механизми: рецептли дорилар бўйича низом қабул қилинади

Референт нарх шакллантириш тизими доирасида рецепт билан бериладиган маҳаллий ва импорт дори воситалари нархларини қайд этиш тартиби тўғрисидаги низом ишлаб чиқилди.

Низом лойиҳасига кўра, мазкур тартиб Ўзбекистон ҳудудида тиббиёт амалиётида қўллаш учун рухсат этилган рецепт билан бериладиган дори воситаларига татбиқ этилади. Шу билан бирга, нархларни референт тизимда қайд этиш орфан (кам учрайдиган касалликлар учун) дори воситалари рўйхатига киритилган препаратларга ҳамда рецептсиз бериладиган дори воситаларига нисбатан қўлланмайди.

Референт нархларни қайд этиш ва қайта қайд этиш жараёни махсус автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади. Ваколатли орган сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги белгиланган бўлиб, у қайд этилган референт нархлар ҳақидаги маълумотларни расмий веб-сайтида хронологик тартибда жойлаштириб бориши назарда тутилган.

Низомда ариза бериш ва текшириш муддатлари ҳам белгиланган: ишчи орган ариза қабул қилинган санадан бошлаб икки иш куни ичида маълумотларни текширади, зарур ҳолларда камчиликларни бартараф этиш учун ариза берувчига хабарнома юборилади. Ариза берувчи эса хабарнома юборилган кундан бошлаб йигирма иш куни ичида икки мартагача аризани қайта топшириши мумкин.

Импорт дори воситалари бўйича ахборот тизими референт мамлакатлардаги нархлар ўртача қиймати, ишлаб чиқарувчи мамлакат расмий нархи ҳамда сўнгги ўн икки ойдаги импорт нархлари асосида қийматларни автоматик ҳисоблаб чиқиши, энг паст қийматни референт нарх сифатида белгилаши кўзда тутилган.

Шунингдек, рецепт билан бериладиган дори воситаларини улгуржи ва чакана сотишда чекланган савдо устамалари белгиланган: улгуржи савдода 15 фоиздан, чакана савдода эса улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаслиги назарда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид