Жамият | 12:28 / 09.07.2021
5534
4 дақиқада ўқилади

«Вақф» фондига 2021 йилнинг биринчи ярмида 21 миллиард сўмдан ортиқ маблағ келиб тушди

2021 йил 1 январдан 30 июнь санасига қадар «Вақф» хайрия жамоат фондига хайрия, закот, вақф мулклари, зиёратгоҳлар, диний ташкилотлар ва акциялар орқали 21 миллиард 315 миллион сўмдан ортиқроқ маблағлар келиб тушган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан амалга оширилган хайрия тадбирлари» мавзусидаги брифингда маълум қилинди.

Фонд ҳисоб рақамларидан ўтган 6 ой давомида 17 миллиард 395 миллион сўм, ҳомийлар ва ҳамкор ташкилотлар томонидан тақдим этилган моддий кўринишдаги эҳсонлар билан қўшиб ҳисоблаганда жами 21 миллиард 403 миллион сўм сарфланган.

Жумладан хайрия ишлари доирасида:

  • Диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш учун – 1 миллиард 80 миллион сўм;
  • Диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун –347 миллион сўм;
  • Диний таълим муассасалари ўқувчи-талабалар контракти учун –840 миллион сўм;
  • Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар талаба фарзандларини қўллаб-қувватлаш учун– 15 миллион сўм;
  • Сирдарё вилоятидаги «Юсуф» масжиди қайта қурилиши учун –313 миллион сўм;
  • Масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун – 69 миллион сўм;
  • Уйлари ёнғиндан талафот кўрган фуқароларга моддий ёрдам учун – 90 миллион сўм;
  • Ночор, кўмакка муҳтож фуқароларга турли моддий кўринишда берилган ёрдамлар учун – 6 миллиард 139 миллион сўм;
  • Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган, ногиронлиги бор бўлган шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш учун – 1 миллиард 628 миллион сўм;
  • Турли хайрия тадбирлари учун– 386 миллион сўм;
  • Вилоят вакилликлари томонидан берилган аризаларга кўра – 383 миллион сўм;
  • Жами – 11 миллиард 293 миллион сўм фақатгина хайрия йўналишини учун сарфланган бўлиб, бу фонднинг ўтган йил шу даврда қилинган хайрия ишлари маблағларига нисбатан 5 миллиард сўмга кўпроқ ҳисобланади.

Бундан ташқари масжидлар ва фонд тасарруфидаги зиёратгоҳларнинг маъмурий харажатлари, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда ободонлаштириш учун 10 миллиард 110 миллион сўм йўналтирилган.

Шунингдек, жорий йил март ойида Қорақалпоғистондаги ичимлик сувига муҳтож чекка туман, қишлоқ ва овулларида тоза ичимлик суви артезиан ва қудуқлари қазиб чиқарилмоқда. Рамазон ойида ҳамкор ташкилотлар ва ҳомийлар билан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ижтимоий кўмакка муҳтож аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари хайрия сифатида тарқатилди.

Шунингдек, «Вақф» фонди ўз фаолиятини такомиллаштириш борасидаги таклифларни мамнуният билан қабул қилишини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, «Вақф» хайрия жамоат фонди 2018 йил 16 апрел куни «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони асосида ташкил этилган.

Фонднинг асосий мақсади ҳамюртларимиздаги саховатлилик туйғуларини оширишга кўмаклашиш, диний-маърифий соҳага ёрдам бериш, масжид, мадраса ва зиёратгоҳларимизни обод қилиш, имом-хатиб, ноиблар, мударрислар ва талабаларга моддий-маънавий кўмак беришдан иборат.

Мавзуга оид