Жаҳон | 15:00 / 20.04.2025
13783
7 дақиқада ўқилади

Қозоғистон яна ўз ҳарбийларини Жўлан тепаликларига юборди. UNDOF миссияси ўзи нима вазифани бажаради?

10 апрел куни Қозоғистон армиясининг 139 нафар ҳарбийдан иборат мустақил контингенти Дамашққа етиб борди. Улар Сурия ва Исроил чегарасидаги Жўлан тепаликларида турли давлатлардан келган ҳарбийлар билан биргаликда БМТ тинчликпарвар кучлари сифатида навбатчилик қилади. Халқаро майдондаги ушбу қадамлар Қозоғистонга нима беради?

12 апрел куни БМТ миссияси назорати остидаги Сурия ва Исроил чегара ҳудудида жойлашган Camp Faouar базасида Қозоғистон мудофаа вазири ўринбосари генерал-майор Шайх-Хасан Жазикбаев мамлакат тинчликпарвар контингентлари ротациясини амалга оширди.

«Қуролли кучларнинг ўз зиммасига олган миссиясини бажарган ҳарбий хизматчилар ватанига қайтмоқда, уларнинг ўрнини эгаллаш учун иккинчи миллий контингент етиб келди. Айни пайтда ҳарбий хизматчилар жойлаштириш, тартибга солиш ва ишларни қабул қилиш босқичидан ўтмоқда», – дейилади Қозоғистон мудофаа вазирлиги хабарда.

Фото: Қозоғистон мудофаа вазирлиги

2024 йил март ойида Жўлан тепаликларига БМТ миссияси доирасида юборилган 139 нафар ҳарбийдан иборат Қозоғистон биринчи контингенти 12 апрел куни Остонага қайтди.

Фото: Қозоғистон мудофаа вазирлиги
Фото: Қозоғистон мудофаа вазирлиги

10 апрел куни Дамашққа юборилган иккинчи контингент ҳам 139 нафар ҳарбийдан иборат. Улар ўз хоҳиши билан жисмоний ва руҳий ҳолати, ҳарбий унвони ва малакасига кўра саралаб олинган ҳамда тайёргарлик машғулотларидан ўтган, уларнинг икки нафари аёл ҳарбий хизматчилар.

Ҳарбийлар Сурияга жўнаб кетишдан олдин 6 ой давомида БМТ стандартлари асосида тинчликпарварлик фаолияти, ҳарбий тиббий хизмат, фуқаролар ҳимояси, муҳандислик ҳамда интенсив инглиз тили курсларида ўқитилган. Тинчликпарвар кучлар кузатув постларида хавфсизликни таъминлаш, ҳудудни патрул қилиш, гуманитар ёрдамни кузатиб бориш, эвакуация ва портловчи қурилмаларни йўқ қилиш каби вазифаларни бажаради.

Фото: Қозоғистон мудофаа вазирлиги

12 апрелнинг ўзида Остона шаҳридаги ҳарбий авиабазада БМТнинг Жўлан тепаликларидаги миссияси (UNDOF) таркибида бир йиллик хизматдан сўнг қайтган илк қозоғистонлик ҳарбийларни кутиб олиш маросими ўтказилди. Тинчликпарвар кучлар қўмондони, подполковник Жигер Аиповнинг таъкидлашича, Camp Faouar базасидаги миссия давомида Қозоғистон контингенти 600 дан ортиқ топшириқни бажарган.

«Бир йил аввал 139 кишидан иборат биринчи тинчликпарвар контингентимиз Жўлан тепаликларига жўнаб кетганди. Ҳарбийларимиз юкларни кузатиб бориш учун патрул ва гуманитар тадбирларни амалга оширди. Биз тўртта эвакуация амалга оширдик ва 400 дан ортиқ портламай қолган портловчи мосламаларни йўқ қилдик», – деган у. Ўтган бир йил давомида биринчи контингентда қозоғистонлик етти нафар аёл ҳарбий хизматчи ҳам бўлган.

Шунингдек, жорий йилда белгиланган вазифаларни муваффақиятли бажаргани учун Қозоғистон тинчликпарвар контингенти шахсий таркиби миссия раҳбарияти ва БМТ котибияти томонидан мукофотланган.

14 апрел куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Суриядаги Жўлан тепаликларида илк мустақил миссиясини амалга ошириб қайтган ҳарбийлар билан учрашиб, уларга давлат мукофотлари тақдим этди. Тўқаевга кўра, 2014 йилдан буён 700 га яқин қозоғистонлик ҳарбийлар БМТ доирасида турли тинчликпарварлик амалиётларида қатнашган. Бугун кунда Қозоғистон армиясининг 158 нафар (уларнинг 139 нафари Жўлан тепаликларида) ҳарбий хизматчилари Яқин Шарқ ва Африка давлатларида миссия бажармоқда. Қозоғистон парламенти ўтган йили тасдиқлаган қонунга кўра, мамлакат БМТ миссияларида иштирок этиш учун бирданига 430 нафаргача тинчликпарвар кучлари юбориши мумкин.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Қозоғистон БМТ тинчликпарвар миссияларида қатнашиш орқали ўзини халқаро ҳамжамиятда масъулиятли ва фаол давлат сифатида кўрсатиш билан бирга халқаро ташкилотлар доирасидаги мавқейини кучайтиришга интилмоқда. Буни алоҳида қайд этган Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳарбийлар хорижий тажрибада ўрганиб қайтган малакаларини ўз сафдошларига етказиши кераклигини айтган.

«Дунёдаги ҳозирги вазият жуда оғир эканини биласиз. Турли зиддиятлар юзага келади. Афсуски, ҳамма нарсани музокаралар йўли билан ҳал қилиб бўлмайди. Бундай шароитда тинчликпарвар кучларнинг алоҳида роли ортиб бормоқда. Қозоғистон тинч давлат. Биз глобал барқарорликни таъминлашга қаратилган барча ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз…

Сиз қайноқ нуқталарда хизмат қилдингиз, катта жасорат кўрсатдингиз ва бой тажриба тўпладингиз. Энди ўз билимларингизни бошқа ҳарбий хизматчиларга етказиш керак. Тинчликпарварлик миссияларида эришилган янги кўникмаларни миллий ҳарбий тайёргарлик тизимига жорий этиш муҳим», – деган Тўқаев.

Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Тинчликпарвар кучлар учун тўловлар

Қозоғистон илк марта 2024 йил март ойида Жўлан тепаликларидаги БМТ миссиясига 139 нафар ҳарбий ва 26 дона техникадан иборат ҳарбийларини юборганди.

 

Фото: Kazcent

Қозоғистон БМТ ушбу миссиясидаги иштироки учун йилига тахминан 5 миллион доллар олади. Бу маблағнинг 2,4 миллион долларга яқини шахсий таркибга тўлов учун, қолган 2,6 миллион доллар ҳарбий техника ва қуроллар ижараси учун давлат бюджетига тушади.

Миссия доирасида ҳар бир хизмат ойи учун ҳарбийлар уч ойлик иш ҳақига тенг миқдорда компенсация олади. Бундан ташқари, БМТ ҳар ойда бир ҳарбий учун 1448 доллар тўлов қилади. Миссия доирасида ҳарбийлар хизмат бурчини бажариш чоғида вафот этса, товон миқдори 60 ойлик маошни ташкил этади. БМТ ўлим ёки ногиронлик ҳолатида компенсация ставкасини 77 минг доллар этиб белгилаган.

Фото: Kazcent

Айни вақтда қозоғистонлик ҳарбий хизматчилар мустақил миссия давомида ҳудудда патруллик қилади, назорат-ўтказиш пунктларини мустаҳкамлайди ва қарама-қарши томонлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш режимини таъминлайди. Шунингдек, БМТ миссияси мандатига мувофиқ бошқа вазифаларни бажаради.

Жўлан тепаликлари ва БМТ тинчликпарвар кучлари

Жўлан тепаликлари Сурия ва Исроил чегарасида жойлашган ҳудуд. 1967 йилда олти кунлик Араб-Исроил уруши давомида Исроил томонидан босиб олинган. 1973 йил 6 октябрда тўртинчи Араб-Исроил урушидан (Йом Киппур уруши) кейин БМТ Хавфсизлик Кенгаши назоратига ўтди.

Жўлан тепаликлари ва пушти рангда UNDOF назоратидаги ҳудудлар

1974 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти UNDOF (United Nations Disengagement Observer Force) тинчликпарвар кучларининг Жўлан тепаликларидаги миссияси ташкил қилинган. UNDOF миссияси асосан Исроил ва Сурия кучлари ўртасида яратилган ажратиш зонасида сулҳга амал қилинишини кузатиш, ҳудудга оғир қуроллар кириб келмаслиги ва кучлар ҳаракатини назорат қилиш учун кузатув пунктларида патруллик қилади. Шунингдек, у БМТ Хавфсизлик Кенгашига доимий равишда ҳудуддаги вазият ҳақида ҳисобот тақдим этади.

Фото: Kazcent

UNDOF кучлари ҳарбий ҳаракатларга аралашмайди, лекин бетараф ҳолатда тинчликни сақлашга хизмат қилади. Ҳудудда яшовчи аҳолининг хавфсизлигини таъминлашда маълум даражада иштирок этади.

2024 йил декабр ойида Гана қуролли кучлари вакили, генерал майор Анита Асмаҳ UNDOFʼнинг янги миссия раҳбари ва тинчликпарвар кучлар қўмондони сифатида тайинланган.

Фото: Kazcent

UNDOFʼда тинчликпарвар кучлари сафида ўндан ортиқ мамлакатдан келган ҳарбий хизматчилар иштирок этади. Тинчликпарвар кучларнинг бош қароргоҳи Сурия ҳудудидаги Camp Faouar базасида жойлашган.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мавзуга оид

Эълонлар

APEX INSURANCE ва APEX LIFE INSURANCE– FAIR энергетика суғуртаси ва хавфларни бошқариш бўйича халқаро Форуми ташкилотчилари

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

APEX INSURANCE ва APEX LIFE INSURANCE– FAIR энергетика суғуртаси ва хавфларни бошқариш бўйича халқаро Форуми ташкилотчилари

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

APEX INSURANCE ва APEX LIFE INSURANCE– FAIR энергетика суғуртаси ва хавфларни бошқариш бўйича халқаро Форуми ташкилотчилари

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти