Иқтисодиёт | 09:58 / 26.05.2024
11005
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Россия муносабатлари: охирги 7 йилда ўзаро савдо ҳажми 2 баробарга кўпайди

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2017 йилдаги 4,73 миллиард доллардан 2023 йилда 9,88 миллиард долларгача ошди. Россия Ўзбекистон учун энг катта экспорт бозори бўлиб қолмоқда. Жорий йилнинг дастлабки 4 ойида бу мамлакатга экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 26 фоизга ошиб, 1 млрд долларга етди.

Фото: Kun.uz

Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келиши кутилмоқда. Қуйида, ташриф арафасида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликка доир муҳим рақамларга эътибор қаратиб ўтамиз.

Ўзбекистон мустақил давлат сифатида Россия томонидан 1992 йилнинг 20 мартида тан олинган ва ўша кундан эътиборан икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Шундан кейин икки томонлама бир қатор стратегик битимлар ва келишувлар имзоланди.

Хусусан, 2004 йил 16 июнда Стратегик ҳамкорлик, 2005 йил 14 ноябрда Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар тузилган. 2012 йил 4 июнда эса Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида Стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация қабул қилинган.

Икки томонлама муносабатларда сўнгги йилларда катта ютуқларга эришилди. Буни қуйидаги рақамлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Савдо алоқалари

Ўзбекистоннинг Россия билан савдоси икки томонлама ва кўп томонлама (МДҲ доирасидаги) келишувларга мувофиқ эркин савдо режимида амалга оширилади. Охирги 6 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2017 йилдаги 4,73 миллиард доллардан 2022 йилда 9,33 миллиард долларгача ошди. Хусусан, Ўзбекистоннинг экспорти 2 миллиард доллардан 3,1 миллиард долларга (1,5 баробар ўсиш), импорти 2,7 миллиард доллардан 6,23 миллиард долларга( 2,3 баробар ўсиш) кўпайди.

2023 йилда товар айирбошлаш ҳажми 9,88 млрд долларга етди ва Россия Ўзбекистоннинг иккинчи энг йирик савдо шериги бўлди. Ўтган йили умумий ташқи савдо айланмасида Россиянинг улуши 15,8 фоизни ташкил этди. Жорий йилда ҳам бу тенденция давом этмоқда.

Россия – Ўзбекистон учун энг катта экспорт бозори. Жумладан, 2024 йил январ-апрел ойларида ушбу мамлакатга экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 26 фоизга ошиб, 811,5 млн доллардан 1 млрд 21,4 долларгача кўпайди. Тайёр қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларининг асосий қисми Россияга сотилади.

Инвестициялар

Россия Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий сармоядорларидан бири ҳамдир. Хусусан, Ўзбекистон иқтисодиётига тўпланган Россия инвестицияларининг умумий ҳажми 10 миллиард доллардан ошади. Айни пайтда 150 дан ортиқ қўшма лойиҳалар амалга ошириляпти, уларнинг умумий қиймати қарийб 14 млрд долларни ташкил этади.

Статистика агентлигининг дастлабки маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январ-март ойларида Ўзбекистонда асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 107,1 трлн сўм бўлиб, шундан 13,8 фоиз қисми Россия ҳиссасига тўғри келади.

2023 йил 1 ноябр ҳолатига кўра, Россия Ўзбекистонда ташкил этилган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони бўйича биринчи ўринда туради – 2854 корхона. Бу хорижий инвестициялар иштирокида фаолият кўрсатаётган корхоналар умумий сонининг 21,9 фоизини ташкил этади.

Ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик

Ушбу соҳадаги асосий икки томонлама ҳужжат – Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда ҳар томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисидаги шартнома бўлиб, 1999 йил декабр ойида имзоланган.

Бу келишув доирасида томонлар тезкор ва жанговар тайёргарлик, таълим, ҳарбий хизматчиларнинг малакасини ошириш, ҳарбий кадрларни тайёрлаш, замонавий ахборот коммуникация технологиялари, ҳаво кемалари ҳаракатини бошқариш ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш каби йўналишларда кўплаб тадбирларни ташкил этиб келади.

Кейинги йилларда бу борадаги алоқалар ҳам мустаҳкамланди. Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги мудофаа алоқалари икки мамлакатнинг 2021- 2025 йилларга мўлжалланган ҳарбий соҳадаги стратегик шериклик дастури асосида амалга ошириляпти.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон товар айирбошлаш ҳажмининг сезиларли қисми Россия ҳиссасига тўғри келади. Жорий йилнинг 4 ойида олтинсиз экспортнинг 20 фоиздан кўпроқ қисми Россияга амалга оширилган.

Қолаверса, 2024 йилнинг I чораги давомида Ўзбекистонга умумий ҳисобда 2,5 млрд долларлик пул ўтказмалари юборилган. Шунинг 68 фоизи Россиядан амалга оширилган.

Мавзуга оид