Ўзбекистон | 10:30 / 02.04.2024
14192
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда йўловчи аёлга шилқимлик қилган ҳайдовчи 5 суткага қамалди

Тошкентда машинасига йўловчи сифатида чиққан аёлга шилқимлик қилган 30 ёшли ҳайдовчи 5 суткага қамалди. Судда ҳайдовчи «скорост»га ураётганида қўли аёлнинг оёғига тегиб кетганини айтган. 

Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида шилқимлик қилган навбатдаги ҳайдовчи 5 суткага қамалди. 

Gazeta.uz хабарига кўра, жабрланувчи аёл 2023 йил 11 ноябр куни соат 17:20 да Чилонзор тумани «Халқлар дўстлиги» саройи олдида такси тўхтатиб, Spark автомобилига ўтирган. Йўлда кетаётганида ҳайдовчи Х.О. (1994 йилда туғилган) аёлнинг оёғидан ушлаб, турли гаплар гапирган.

Аёл Х.О.ни гапларини ёзиб олганини билдириб, суддан унга қонуний чора кўришни ва маънавий зарарни ундириб беришни сўраган.

Суд мажлисида ҳуқуқбузар Х.О. ўша куни автомашинаси механика бўлгани сабаб, узатмалар қутиси ричагидан тезликни ўзгартираётганда (скоростга ураётганида) аёлнинг оёғига қўли тегиб кетганини билдириб, суддан ишни одилона кўриб чиқишни сўраган.

Суд Х.О. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисмида (шаҳвоний шилқимлик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топиб, унга 5 (беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади. 

Мавзуга оид