Ўзбекистон | 10:25 / 01.12.2020
3311
3 дақиқада ўқилади

Андижон вилоятида «Life Khonobod» инвестиция ва туристик лойиҳаси амалга оширилади

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида замонавий технология асосида маъданли ичимлик суви ишлаб чиқариш, экспорт географиясини кенгайтириш ва тармоққа инвестицияларни кенг жалб этиш ҳамда замонавий дам олиш мажмуасини ташкил этиш мақсад қилинган.

Президент Андижон вилояти Хонобод шаҳрида Life Khonobod лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги қарорни имзолади.
  
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Андижон вилояти ҳокимлигининг «Water life mineral» масъулияти чекланган жамиятига қуйидагиларни назарда тутувчи лойиҳани амалга ошириш учун Андижон вилояти, Хонобод шаҳри, Янги ҳаёт маҳалла фуқаролар йиғини, Хонобод даҳаси ҳудудидаги захирадаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳисобидан инвесторнинг асосланган талабига мувофиқ босқичма-босқич 10 гектаргача бўлган ер участкасини доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди:

I босқичда — «Life Khonobod» бренди остида маъданли сув ишлаб чиқариш, аҳоли ва туристлар учун ичимликлар галереяси (бювет), эсдалик буюмлари (сувенир) дўкони ва ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотлар намойиш этиладиган шоурумларни;

II босқичда — замонавий дам олиш маскани (меҳмонхона мажмуаси) ташкил этишни.

Белгиланишича, лойиҳани амалга ошириш доирасида инвестор қуйидаги мажбуриятларни бажаришни ўз зиммасига олади:

  • I босқичда (2020-2021 йиллар) — ўз маблағлари ва хорижий кредитларни жалб қилиш ҳисобига 14,3 млн евро миқдорида инвестиция киритиш ва камида 200 та янги иш ўрнини яратиш;
  • II босқичда (2022-2023 йиллар) — ўз маблағлари ва банк кредитини жалб қилиш орқали 20,0 млрд сўм инвестиция киритиш ҳисобига замонавий 150 ўринли дам олиш маскани (меҳмонхона мажмуаси)ни қуриш ва камида 30 та янги иш ўрнини яратиш.

Андижон вилоят ҳокимлиги:

  • Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда лойиҳани амалга ошириш учун зарур ер участкаси қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини лойиҳани ишга тушириш муддатига қадар қоплаш шарти билан инвесторга ажратиб берилишини;
  • Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда белгиланган шартлар асосида инвестор билан тўрт томонлама инвестиция шартномаси тузилишини ҳамда инвестор томонидан қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан мониторинг юритилишини таъминлайди.

Бунда, инвестор томонидан инвестиция лойиҳалари, шунингдек, белгиланган ижтимоий мажбуриятлар лозим даражада бажарилмаган тақдирда, ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор қилиб, ушбу ер майдонида аввал белгиланган инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар параметрларидан кам бўлмаган янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ажратиб берилишини таъминлайди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид