Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Андижонда уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ушланди
Андижонда ўзларини орган ходими деб таништирган бир гуруҳ шахслар фуқарони қийноққа солиб, 100 минг долларлик криптоактивини ундирган. Улар спортнинг турли йўналишлари билан шуғулланиб келгани ва кўчада фуқароларга нисбатан доимий равишда зўравонлик кўрсатиб келгани айтилмоқда. Айни вақтда гуруҳ аъзоларининг бир қисми қўлга олинган, яна икки киши қидирувга берилган.
Фото: ИИВ
Андижонда одамларни қурол ва ўткир тиғли жисмлар билан қўрқитиб, жиноий ҳаракатлар содир этиб келган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ушланди.
Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари криптоактивлар айирбошлаш билан шуғулланувчи шахсни кузатиб, мижоз сифатида Андижон шаҳридаги супермаркетлардан бирининг олдига учрашувга чақиришган.
Жабрланувчини Damas автомашинасига ўтқазиб, ўзларини ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими сифатида таништиришган. Гуруҳ аъзолари унинг ноқонуний крипто-айланма билан шуғулланишини айтиб, жиноий жавобгарлик билан қўрқитишган.
Сўнгра қурол ва ўткир тиғли жисмлар ишлатиб, қийноққа солиш орқали жабрланувчидан 150 минг доллар талаб қилишган. Натижада товламачилик йўли билан 100 минг доллар миқдоридаги криптовалютани ўзларига қарашли криптоҳамёнга ўтказиб олишган.
Гуруҳ етакчилари – «Ҳожи» лақабли Минҳожиддин Алимов (1995 йилда туғилган) ҳамда «Муфтий» лақабли Абдумалик Шокиров (1995 йилда туғилган) ҳозирда мамлакатдан чиқиб кетган, улар қидирувга берилган. Бу икки шахс муқаддам Жиноят кодексининг қатор моддалари билан судланган. Ҳозирда уларни қўлга олиш чоралари кўрилмоқда.
Гуруҳнинг яна икки аъзоси – «Шайтон» лақабли Жавоҳир Жўрабеков ва Жавлонбек Юлдашев қўлга олинган.
Тезкор қидирув давомида гуруҳ аъзоси Омадбек Юсуфжоновнинг (2000 йилда туғилган) бошқа жинояти ҳам фош этилган. У аёл кишига куч ишлатиб, тан жароҳати етказган ва унинг iPhone 16 Pro Max телефонини тортиб олган. Шунингдек, у аёлнинг 10 млн сўм пулига ҳам эга чиққан.
ИИВга кўра, гуруҳ аъзолари спортнинг турли йўналишлари билан шуғулланиб келган ва кўчада фуқароларга нисбатан доимий равишда зўравонлик кўрсатиб келган. Шунингдек, уларнинг хорижий давлатларда ҳам инсон саломатлигига қарши жиноятлар содир этгани аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик), 176-моддаси (Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ҳамда 166-моддаси (Талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ИИВ ушбу шахслардан жабр кўрган фуқаролардан 102 рақамига ёки яқин атрофдаги ИИБ бўлимларига мурожаат қилишни сўрамоқда. Мурожаатчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.
Мавзуга оид
16:04
Тошкентда автомат ўқларини сотишга уринган собиқ ҳарбий қўлга олинди
12:13 / 07.01.2026
Маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш бўйича янги тартиб белгиланди
17:24 / 01.01.2026
Бобур шаҳрида рассомлар фестивали ташкил этилади
23:01 / 24.12.2025