Ўзбекистон | 20:09 / 01.08.2023
14894
6 дақиқада ўқилади

Энергетика вазирлиги Ўзбекистон бўйлаб кузатилаётган электр узилишларига изоҳ берди

Вазирликка кўра, узилишлар июн ойида асосан таъмирлаш ишлари, июлда эса аномал иссиқ билан боғлиқ бўлган. Мажбурий чеклов миқдори июл ойида аввалги ойга нисбатан 5 баробарга ошиб, ёз бошидан бери жами 210 млн kWh'га етган. Шу билан бирга, етказиб бериш ҳажмлари бўйича ҳам рекордлар ўрнатилган.

Фото: Ҳудудий электр тармоқлари

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги сўнгги кунларда “ёқилғи-енергетика соҳасида мураккаб вазият юзага келгани” ҳақида маълумот берди. Айтилишича, мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида куннинг маълум вақтида электр энергиясини узишга мажбур бўлинмоқда.

Жумладан, июн ойида жами 34,8 млн kWh мажбурий чеклов киритилган бўлса, мазкур кўрсаткич июл ойининг ўтган 31 куни мобайнида 175 млн kWh'ни ташкил қилган. Ёз фаслига ўтилганидан бери жами 210 млн kWh мажбурий чеклов қўлланилган.

Вазирликнинг изоҳлашича, июн ойида тизимда модернизация ва реконструкция ишларини хавфсиз олиб бориш мақсадида қатор ҳудудларда мақсадли ўчиришлар амалга оширилган. Натижада биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 542 та трансформатор подстанцияси ва 592,36 км электр узатиш тармоқлари мукаммал, 923 та трансформатор ҳамда 702,3 километр ҳаво тармоғи жорий таъмирланган. Шунингдек, 930,6 км паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ва 228 та трансформатор пунктлари янгиланган.

“Сағбон”, “Юнусобод”, “Қўқон”, “Карвон”, “Қорасув”, “Яланғоч”, “Тузел” ва “Сергели-35” подстанцияларидаги 9 та кичик қувватли трансформатор катта қувватлисига алмаштирилди.

Айни пайтда ҳам “Юнусобод-Сити”, “Тошкент-Сити”, “Олмос”, “Янги Ўзбекистон” ҳамда “Янгиҳаёт” индустриал зоналари учун подстанциялар қуриш ҳамда уларни электр энергияси билан таъминлаш учун янги электр узатиш тармоқларини бунёд қилиш ишлари пудратчи ташкилотлар томонидан давом этмоқда.

Бу ишларни хавфсиз бажариш ва электр монтёрларнинг соғлиғи ҳамда ҳаётига туғилиши мумкин бўлган хатарларнинг олдини олиш мақсадида куннинг маълум вақтларида тегишли ҳудудлардаги истеъмолчилар электр таъминотидан вақтинча узиб қўйилмоқда”, – дейилади расмий ахборотда.

Июл ойида эса, асосан, об-ҳавонинг ҳаддан ташқари исиб кетгани электр энергетикасини узлуксиз етказиб беришда қийинчилик туғдирган.

Вазирлик нафақат Ўзбекистон, бутун дунё бўйлаб аномал иссиқ ҳарорат ҳукм сургани, халқаро экспертлар томонидан 2023 йил июл ойида “охирги минг йилликда кузатилмаган” даражада иссиқ бўлгани айтилаётганини таъкидлайди. Кучли иссиқ ҳарорат эса совитиш мақсадида электр энергиясидан фойдаланишнинг каррасига ошишига олиб келмоқда. Натижада кабеллар куйиб кетяпти, трансформаторлар ишдан чиқмоқда. Авария оқибатларини бартараф этиш эса ҳам катта маблағ, ҳам кўп вақт йўқотилишига сабаб бўляпти.

Изоҳланишича, авария юз бермаслиги учун бир нечта фидерларни тармоқдан мажбурий ўчириб қўйиб, қатор хонадонлар, бюджет ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларини вақтинча узиб туриш – энг мақбул чора. Бу кутилмаган авариявий ҳолатларнинг олдини олишга ҳамда маблағ ва вақт тежалишига хизмат қилади.

“Оддий айтганда, қайсидир ҳудудни қуёш тиғида ташқаридан, ортиқча юклама туфайли эса ичидан қизиб кетган кабелни совитиш мақсадида 2-3 соатга тармоқдан узиб туриш кейинчалик кабел ва трансформаторнинг ёниб кетиши ҳамда истеъмолчилар 10-12 соатлаб электр энергиясиз қолишларидан кўра афзалроқ ечимдир.

Тўғри, истеъмолчи ҳамиша ҳақ. Қолаверса, сиз, азизларни узлуксиз ва барқарор электр энергияси билан таъминлаш – бизнинг бурчимиз.

Бу борада тизим ташкилотлари томонидан жуда катта ишлар қилиняпти. Хусусан, охирги пайтларда кунлик ишлаб чиқариш ўртача 107,8 фоизни, ойлик ишлаб чиқариш ўртача 106,2 фоизни, йиллик кўрсаткич эса 101,8 фоизни ташкил қиляпти.

Сўнгги кунларда бир қатор янги ишлаб чиқариш қувватлари – Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида қуввати 1500 MW бўлган иссиқлик станциясининг 500 kW кучланишли 2 та электр узатиш тармоғи, Бўстонлиқ туманида қуввати 200 kW бўлган “Испайсой” микроГЭСи ҳамда Яшнобод туманида 30 мингдан зиёд хонадонни электр энергияси билан таъминлайдиган янги “Олмос” подстанцияси ишга туширилди”, – дейилади Энергетика вазирлиги ахборотида.

Расмийлар “истеъмол ҳам шунга яраша бўлаётгани”ни қайд этган. Масалан, бугунги кунда ўртача истеъмол кунига 11 200 MW'га тенг бўлмоқда. Ҳатто куннинг айрим пайтларида, асосан, иссиқ ҳарорат забтига олган чоғда электр энергияси сарфи ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажмига тенг, баъзан талаб ундан ҳам ортиб кетяпти.

“Буни биргина июл ойининг ўзида суткалик истеъмолда икки марта рекорд кўрсаткичнинг қайд этилгани ҳам яққол тасдиқлайди. Хусусан, 12 июл куни республика бўйича жами истеъмол 247,5 млн kWh'ни ташкил қилган бўлса, 26 июл куни 250,7 млн kWh'га етиб, суткалик рекорд яна бир карра янгиланди.

Бироқ ҳозирги шароитда “Нима қилса ҳам узлуксизликни таъминлайман”, дея зарур эҳтиёт чораларини кўрмаслик, муқаррар авария ҳолати юз бериши мумкинлигини англаган ҳолда, барқарорликка эришиш истагида ортиқча кучланишга ўтила бошлаган ҳудудларни тармоқдан узмаслик ҳам ечим эмас, аксинча, катта муаммога олиб келади”, – дейилади баёнотда.

Вазирлик бундай вазиятда энергия тежамкорликка қатъий риоя қилиш, хонадонларда ҳам барча хонани эмас, биттасини совитиш, ишлатилмаётган электр ускуналарини тармоқдан суғуриш, зарурат бўлмаган ҳолларда, айниқса, кундуз кунлари лампочкаларни ўчириб қўйишга чақирган.

“Халқимиздан бугунги аномал иссиқ шароитида Энергетика вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари тарафидан амалга оширилаётган мажбурий чораларни тўғри тушунишларини ҳамда қўллаб-қувватлашларини сўраймиз”, – дея расмий изоҳини якунлаган Ўзбекистон Энергетика вазирлиги.

Мавзуга оид