Туризм | 07:30 / 21.01.2026
16097
3 дақиқада ўқилади

Харита: туризмдан энг кўп пул топадиган давлатлар

Ҳар йили жаҳон туризм иқтисодиёти триллионлаб доллар даромад келтиради: сайёҳлар янги йўналишларни кашф этади, олдин ёқтирган жойларига эса қайта-қайта боради.

Фото: iStock

UN Tourism маълумотларига кўра, 2024 йилда халқаро туризмдан тушган даромад 1,74 триллион долларга етди. Бу 2019 йилдаги (пандемиядан олдинги) кўрсаткичдан 14 фоиз юқори.

АҚШ ишончли тарзда етакчилик қилмоқда — халқаро сайёҳлардан 215 миллиард доллар даромад олган. Рейтингнинг юқори қисмида Европанинг устунлиги кўринади: Испания (106,5 млрд доллар), Буюк Британия (82,5 млрд), Франция (77 млрд) ва Италия (58,7 млрд) барқарор равишда улкан туристик оқимни жалб қилади.

Осиёда туризм даромади бўйича энг катта кўрсаткичларга Япония (54,7 млрд доллар), Хитой (39,7 млрд) ва Таиланд (42,7 млрд) эришган.

Visual Capitalist

Туризмдан тушадиган даромад фақат келувчилар сонига эмас, балки ҳар бир сайёҳ қанча сарфлашига ҳам боғлиқ. Масалан, АҚШга келувчи туристлар оқими катта бўлиши билан бирга, ҳар бир ташрифчи ҳисобига ўртача харажат ҳам юқори.

Шу билан бирга, Малдив ороллари ёки Ямайка каби мамлакатларда умумий (абсолют) тушумлар миқдори кичикроқ бўлиши мумкин, аммо улар учун туризм ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)да анча катта улушни ташкил этади.

Европада туризмда бой маданий мерос, юқори тезликдаги транспорт тармоғининг ривожлангани ва йирик бозорларга яқинлик муҳим ўрин тутади. Ҳозир Францияни ҳам ортда қолдираётган Испания сайёҳлар учун жуда кенг таассуротлар спектрини таклиф қилади — жаҳон даражасидаги пляжлар ва орол архипелагларидан тортиб, тарихий шаҳарлар, гастрономия ва маданий ёдгорликларгача.

Айнан мана шу хилма-хиллик мамлакатга йил давомида ва дунёнинг турли ҳудудларидан туристларни жалб қилиш имконини беради. Натижада, 2024 йилда Испания Европа Иттифоқидаги энг кўп ташриф буюрилган мамлакатга айланди.

Ўзбекистонда ҳам туризм соҳаси тез ўсмоқда. 2025 йил давомида Ўзбекистонга 11,7 миллиондан зиёд хорижий турист келди, бу бир йил аввалгига нисбатан сезиларли ўсишни кўрсатади.

Январ–ноябр ойларида 10,7 миллион турист ташриф буюргани маълум қилинди, бу мамлакат тарихидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

Эллик фоиздан ортган туристлар асосан Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан, шунингдек Россиядан ташриф буюрган.

2025 йилнинг биринчи 9 ойида туристлар сони 2024 йилга нисбатан тез ўсди, бу минтақада энг юқори суръатлардан бири саналади.

Ўзбекистон 2025 йилда дунёда сайёҳлар оқими бўйича энг тез ўсиб бораётган манзиллардан бири сифатида жаҳон туризм ташкилоти (UN Tourism) маълумотларида қайд этилди.

Туризм тармоғининг ўсишига визасиз ва электрон виза режими кенгайтирилиши, халқаро ҳаво йўллари ва транспорт инфратузилмасининг ривожланиши катта таъсир кўрсатмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати Uzbekistan–2030 стратегияси доирасида 15 миллион турист ва 5 миллиард доллар туризм хизматлари экспортини жалб қилиш мақсадларини белгилаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид