Ўзбекистон | 18:40 / 25.04.2023
25646
6 дақиқада ўқилади

Ўйинлар ичидаги “Президент совғаси” — вазирликнинг 13,5 млрд сўмга қиммат шубҳали хариди

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги “Таъминот ва логистика хизмати” ДУК ўқув қуроллари хариди учун 12 та тендер ўтказди. Уларнинг 4 тасини ёғоч ва қурилиш материаллари улгуржи савдоси билан шуғулланувчи фирма, биттасини фаолият тури автомашиналарни ювиш бўлган фирма ютиб олган. Ғолиб фирмалар билан миллиардлаб сўм қиммат нархларда шартнома имзоланган. Бу коррупцион схема бўлиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги “Таъминот ва логистика хизмати” ДУК янги ўқув йили учун ўқув қуроллари харид қилиш мақсадида 12 та тендер ўтказди.

Бу ўқув қуроллари катта эҳтимол билан “Президент совғаси” сифатида 1-синф ўқувчиларига тақдим этилади.

Очиқ манбалардаги айрим фактлар мазкур тендерларнинг адолатли ўтганини шубҳа остига қўяди.

Жумладан, тендерларнинг баъзиларини белгиланган товар учун арзон нарх таклиф қилган фирма қолиб, фаолият тури мутлақо бошқа бўлган фирма жуда катта фарқдаги қиммат нарх билан ютиб кетган.

1-ҳолат. Қарийб 2,7 млрд сўм зарар

3 та маҳсулот – 796 224 дона ручка, 748 776 дона клей ҳамда 1 481 672 дона ўчирғич учун 5 млрд 441 млн сўм бошланғич нарх билан танлов эълон қилинган. Танловда “Maishiy Xamroh” МЧЖ ғолиб деб топилган ва у билан 5 млрд 329 млн сўмга шартнома тузилган.

Аммо танловда қатнашган “Deli Torg” фирмаси бу маҳсулотларни 2 млрд 638 млн сўмга етказиб беришни таклиф қилган. Жумладан, “Deli Torg” фирмаси 1 дона ўчирғични 550 сўмдан (тендердаги бошланғич нарх 1000 сўм), клейни 1850 сўмдан (тендердаги бошланғич нарх 4300 сўм), ручкани 550 сўмдан (тендердаги бошланғич нарх 930 сўм) етказиб беришини билдирган.

1 дона ўчирғични 980 сўмдан, ручкани 911 сўмдан ҳамда клейни 4210 сўмдан таклиф қилган “Maishiy Xamroh” МЧЖ тендер ғолиби бўлган. Суммалар ўртасидаги фарқ қарийб 2,7 млрд сўм. Яъни буюртмачи негадир тендерга қўйилган товарларни 2,7 млрд сўм қиммат нархда харид қилишга қарор қилган.

Реестрга кўра, “Maishiy Xamroh” МЧЖ автомобилларни ювиш, сайқаллаш ва шу каби фаолият тури билан шуғулланади. Наманган шаҳрида рўйхатдан ўтган корхона раҳбари ва таъсисчиси – Аҳмедов Нуриддин Ривожиддинович.

2-ҳолат. Қарийб 2 млрд сўм зарар

740 250 дона рангли ва 1 497 506 дона қора қалам учун 8 млрд 159 млн сўм бошланғич нарх билан танлов эълон қилинган. Мазкур танловда “Promo Gifts” МЧЖ ғолиб деб топилган ва у билан 8 млрд 47 млн сўмга шартнома имзоланган.

Танловда “Deli Torg” фирмаси бу маҳсулотларни 6 млрд 49 млн сўмга етказиб беришни таклиф қилган. “Deli Torg” 1 дона оддий қаламни 550 сўмдан (ғолиб фирма 950 сўм), 1 тўплам рангли қаламни эса 7050 сўмдан (ғолиб фирма 8950 сўм) етказиб беришини билдирган.

Ўртадаги фарқ қарийб 2 млрд сўмни ташкил қилади.

Promo Gifts Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида рўйхатдан ўтган бўлиб, “бошқа маиший товарлар улгуржи савдоси” билан шуғулланади. Асосий таъсисчиси – Алиев Нодирхон Баҳодирович.

3-ҳолат. 850 млн сўм зарар

748 776 дона акварел бўёғи учун 6 млрд 786 млн сўм бошланғич нарх билан танлов эълон қилинган. Мазкур танловда “Gos Les” МЧЖ ғолиб деб топилган ва у билан 6 млрд 712 млн сўмга шартнома тузилган.

Танловда қатнашган “Signum” МЧЖ бу миқдордаги акварел бўёғини 7825 сўмдан, жами 5 млрд 859 млн сўмга етказиб беришни таклиф қилган. Ўртадаги фарқ 850 млн сўмдан ортиқ.

Реестрга кўра, Наманган шаҳрида рўйхатдан ўтказилган “Gos Les” МЧЖ ёғоч, қурилиш материаллари ва санитария-техник ускуналар улгуржи савдоси билан шуғулланади. Таъсисчиси ва раҳбари – Мадраҳимов Муроджон Забиҳулло ўғли.

4-ҳолат. 6,2 млрд сўм зарар

740 250 дона пластилин учун 11 млрд 103 млн сўм бошланғич нарх билан танлов эълон қилинган. Мазкур танловда ҳам “Gos Les” МЧЖ ғолиб деб топилган ва у билан 10 млрд 848 млн сўмга шартнома имзоланган.

“Signum” МЧЖ эса 740 250 дона пластилиннинг донасини 6226 сўмдан (ғолиб фирма 14655 сўм), жами 4 млрд 608 млн сўмга етказиб беришини маълум қилган.

Ўртадаги фарқ 6 млрд 240 минг сўмни ташкил қилади.

“Gos Les” МЧЖ булардан ташқари 149 755 дона ўқувчи сумкаси учун 15 млрд 200 млн сўм бошланғич нарх билан эълон қилинган 2 та бир хил тендерда 14 млрд 900 млн сўм таклиф билан ғолиб бўлган. Мазкур МЧЖ умумий суммаси 138 млрд 489 млн сўм бўлган 12 лотнинг жами 48,2 млрд сўмлик 4 тасида ютган.

Гап республика бюджетининг миллиардлаб маблағи ҳақида борар экан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги юқоридаги ҳолатларга жиддий эътибор қаратиши зарур. Чунки юқоридаги 4 та ҳолатнинг ўзида жами 13,5 млрд сўм қиммат нарх таклиф қилган МЧЖлар ғолиб бўлган ва улар билан шартномалар тузилганини кўриш мумкин.

Бу шубҳали давлат харидларига ойдинлик киритишни сўраб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига сўров йўлланди. Аммо барча саволлар жавобсиз қолдирилди. Изоҳ беришдан қочиш эса шубҳаларни каррасига оширибгина қолмасдан, олди-бердиларда коррупциявий элементлар борлигини ҳам тасдиқламоқда, гўё.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид