Зеленский Радага қарши. У инаугурацияси вақтида парламентни тарқатиб юборишини эълон қилди
Украина президенти Владимир Зеленский Олий радани тарқатиб юборишини эълон қилди. У бу ҳақда ўзининг инаугурацияси вақтидаги нутқида гапирди.
Украина президенти лавозимига киришган Владимир Зеленский қасамёд қабул қилганидан кейин Олий Рада тарқатиб юборилишини маълум қилди. Маросим «Прямой» телеканали орқали трансляция қилинмоқда.
«Сайловдан кейин олти ёшли ўғлим шундай деди: «Дада, мен телевизорда кўрдим: айтишяптики, Зеленский президент. Демак, менинг ҳам президентимсан». Бу ўшанда болаларча ҳазил бўлиб кўринганди. Энди эса ҳақиқатга айланди. Сизнинг ҳар бирингиз президентингизман, фақат менга овоз берган 73 фоиз кишининг эмас, украинларнинг барчасининг, 100 фоизининг», дея сўз бошлаган Владимир Зеленский.
Президент парламентга икки ой муддат берган, парламентдан қатор қонунларни кечиктирмасдан қабул қилишни сўраган.
«Сиздан ўтиниб сўрайманки, депутатлик дахлсизлигини бекор қилиш тўғрисидаги қонунни, ноқонуний бойлик орттириш учун жиноий жавобгарлик тўғрисидаги қонунни, сайлов кодексини қабул қилинг», деган Зеленский.
У депутатларга инаугурация маросимини иш кунига ўзлари белгилашганини эслатган ва энди ишлашни сўраган.
Президент депутатлардан Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари, бош прокурор ва мудофаа вазирини истеъфога чиқаришни ҳам сўраган.
«Шу ишларни қилинг ва ўзингизга медал тақинг - бу навбатдан ташқари сайловлар олдидан яхши очколар бўлади», деган у.
У шунингдек, Украинанинг амалдаги ҳукуматига истеъфога чиқишни таклиф қилган.
«Америкалик бир актёрдан, Американинг ажойиб бир президентидан иқтибос келтиришни истардим (гап АҚШнинг 40-президенти Рональд Рейган ҳақида - таҳр): «ҳукумат бизнинг муаммоларимизни ҳал этиб бермайди - ҳукуматнинг ўзи муаммо». Мен тушунмайман, бизнинг ҳукуматимиз доимо қайсидир ишни қила олмаслигини айтади. Бу тўғри эмас - қила оласиз, сиз қоғозни оласиз, ручкани оласиз ва ариза ёзиб ўз жойингизни кейинги сайловлар ҳақида эмас, кейинги авлод ҳақида ўйлайдиганлар учун бўшатиб қўя оласиз», - деган Зеленский.
Украина президенти Владимир Зеленский амалдорларни кабинетларига ўз фарзандларининг суратларини илишга чақирди.
«Сизларнинг иш кабинетларингизда менинг суратларим бўлмаслигини жудаям истайман, илтимос, менинг суратларим бўлмасин, чунки президент – икона ёки бут эмас. Президент – портрет эмас. Кабинетингизга ўз фарзандларингизнинг суратларини илиб қўйинг ва ҳар сафар қарор чиқаришдан олдин уларнинг кўзларига боқинг», деди Зеленский
Зеленский шунингдек, Донбассдаги зиддиятни барқарорлаштириш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича мулоқотларга тайёрлигини маълум қилган, Россияга асир тушган украиналикларни қайтариш асосий мақсади эканини қўшимча қилган.
«Мен ҳатто тинчлик учун ўз лавозимимни йўқотишга тайёрман [...] Аммо биз фақат ҳудудлар эмас, одамларимизни ҳам қайтаришимиз керак», деган у.
Бундан ташқари, Зеленский айни вақтда дунёда 65 миллион украиналик истиқомат қилаётганини қайд этиб ўтган. У «янги Украинани қуришда иштирок этмоқчи бўлган барча украинлар»га фуқаролик беришга тайёрлигини маълум қилган.
Мавзуга оид
20:40
Google хариталардан Украинадаги ҳарбий объектлар тасвирини олиб ташлади
09:47
ОАВ: Украина биринчи марта Каспий денгизидаги РФ кемаларини нишонга олди
08:30
Зеленский Трамп билан «ажойиб» суҳбат ҳақида гапириб берди
15:58 / 06.11.2024