Қашқадарёдаги тўртта боғча ҳозирча сотилмайди — Давактив
Давактив агентлиги, Kun.uz'даги мақолага жавобан, Қашқадарёдаги тўртта боғчанинг “узлуксиз ишлаши борасида аниқ чоралар белгиланмагунча” сотилмаслигини маълум қилди. Ишлаб турган боғчалар нега қарорда “бўш турган объект” деб кўрсатилганига эса изоҳ берилмади. Иқтисодчи Отабек Бакиров боғчалар, мактаблар ва шифохоналарга тегишли мулкларни хусусийлаштиришни қонун билан тақиқлашга чақирди.
Ўзбекистонда янги хусусийлаштириш дастури асосида бир қатор ижтимоий соҳа объектлари ҳам сотувга чиқарилмоқда.
Аввалроқ Kun.uz Қашқадарё вилоятидаги жами 700 ўринли 4 та “Эркатой” боғчалари “бўш турган объект” сифатида сотувга қўйилиши ҳақида ёзганди. Таҳририятга мурожаат қилган ота-оналарнинг айтишича, бу боғчалар бўш эмас – улар ишлаб турибди. Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Унда айтилишича, 2023 йилда ўтказилган таҳлил ва хатлов натижалари асосида 2024 йилги хусусийлаштириш дастурига “Ўзбекнефтегаз” АЖнинг бугунги кунда бозорда хусусий тадбиркорлар фаолият кўрсатаётган ва фаолиятига хос бўлмаган 23 та активлари ҳам киритилган. Улардан 4 таси болалар боғчаси ҳисобланади.
“Таъкидлаш жоизки, хусусийлаштириш дастури қарорида ижтимоий соҳа объектларини сотиш муддати ва шартлари, шу жумладан фаолият турини сақлаш шартлари Давлат мулкини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича комиссияси томонидан белгиланиши кўрсатилган.
Ушбуларга кўра, мазкур болалар боғчаларининг узлуксиз ва самарали фаолиятини таъминлаш бўйича аниқ чораларни белгилаш ишлари якунланмагунга қадар улар оммавий савдоларга чиқарилмайди ва “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖнинг 4 та болалар боғчаси сотилмайди, ҳозирча корхона ихтиёрида қолдирилади”, – дейилади расмий изоҳда.
Таъкидланишича, аввал (собиқ) ижтимоий соҳа объекти бўлган бўш турган объектлар тегишли соҳа вазирлиги билан келишилган ҳолда хусусийлаштириш дастурига киритилган. Бундай собиқ ижтимоий соҳа объектлари таълим, мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий муассасаларини ташкил этиш шарти билан хусусийлаштирилиши белгилаб қўйилган.
Давлат органи ўз баёнотида ишлаб турган боғчалар нега қарорда “бўш турган объект” деб кўрсатилганига изоҳ бермаган. Kun.uz бу борада агентликка қўшимча сўров юборди.
Ҳолатга муносабат билдирган иқтисодчи Отабек Бакиров боғчалар, мактаблар ва шифохоналарга тегишли мулкларни хусусийлаштиришни қонун билан тақиқлашга чақирди.
У юқоридаги қарор билан Андижон вилоятида сотувга қўйилган 90 та объектнинг 47 таси таълим ва тиббиёт каби ижтимоий соҳаларга оид эканига эътибор қаратган.
“Мактаблар, шифохоналар, университетлар макони хусусийлаштиришдан дахлсиз бўлиши ва уларнинг ҳудудини сотиш қонун билан тақиқланиши зарур”, – деб ёзади жамоатчилик фаоли.
Мавзуга оид
22:36 / 20.12.2024
Қашқадарёда иситиш тизимидаги таъмирлашда салкам 1 млрд сўмни талон-торож қилган МЧЖ аниқланди
11:52 / 15.12.2024
Қашқадарёда ОТМ ҳовлисида унаштирилган қизини пичоқлаган йигитга ҳукм ўқилди
16:27 / 11.12.2024
Қарши давлат техника университети ташкил этилади
16:33 / 04.12.2024