Ўзбекистон | 11:49 / 15.11.2018
6691
6 дақиқада ўқилади

Электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқланади 

Фото: iStock

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Давлат солиқ қўмитасининг “Электрон ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш бўйича вақтинчалик тартибни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.

Электрон ҳисобварақ-фактураларни электрон расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш бўйича вақтинчалик тартибга кўра, телекоммуникация алоқа каналлари орқали электрон ҳужжатларни юбориш ва қабул қилиш етказиб берувчи ва сотиб олувчи ўртасида, шу жумладан ЭТТЮ расмийлаштирилганда юкни ташувчи ўртасида электрон ҳужжат айланиши доирасида маълумотлар алмашинувини таъминловчи операторлар ва ДСҚ АТ орқали амалга оширилади.

Телекоммуникация каналлари орқали электрон ҳужжатларни юбориш ва қабул қилиш имзо калити сертификатининг эгасини ҳамда маълумотларда бузилишлар мавжуд эмаслигини аниқлаш имкониятини берувчи Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ сертификатланган, ваколатли органлар томонидан қўлланиладиган маълумотларни криптографик ҳимоялаш воситаларига мос келувчи маълумотларни криптографик ҳимоялаш воситаларидан мажбурий фойдаланилган ҳолда амалга оширилишига рухсат берилади.

Электрон ҳужжатларни юбориш ва қабул қилишда хўжалик юритувчи субъектлар ҳар бир электрон ҳужжат учун электрон ҳужжат айланишини алоҳида амалга оширадилар. Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар турли хил операторларнинг хизматларидан фойдаланилганда электрон ҳужжат айланиши ДСҚ АТ орқали амалга оширилади.

Электрон ҳужжат айланиши хизматларини тақдим этиш учун операторлар қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда Давлат солиқ қўмитасига ёзма мурожаат қиладилар:

электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш бўйича дастурий-аппарат мажмуасини яратиш юзасидан техник топшириқ;

мижозлар базаси мавжуд бўлган тақдирда – хўжалик юритувчи субъектларнинг идентификация рақами ва номи кўрсатилган ҳолда тизимдан фойдаланувчилар реестри.

Давлат солиқ қўмитаси тақдим этилган техник топшириқни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш бўйича дастурий-аппарат мажмуасини яратиш мақсадга мувофиқлиги юзасидан эксперт хулосасини олиш учун юборади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ижобий эксперт хулосаси олингандан сўнг Давлат солиқ қўмитаси электрон ҳужжат айланиши оператори билан электрон ҳисобварақ -фактура айланиши доирасида ўзаро ҳамкорлик тартиби юзасидан ёзма келишув тузади.

Операторлар электрон ҳужжатларга хизмат кўрсатувчи дастурий-аппарат мажмуасининг узлуксиз фаолиятини таъминлайди, шунингдек, операторлар билан электрон ҳисобварақ-фактураларни айланиши хизматларини кўрсатиш бўйича шартнома тузган хўжалик юритувчи субъектларга хизматдан доимий фойдаланиш имкониятини яратиб беради.

Хўжалик юритувчи субъектлар фақатгина битта операторнинг хизматларидан фойдаланса электрон ҳужжат айланиши ушбу операторнинг ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Ушбу ҳолатда операторлар тасдиқланган электрон ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни онлайн режимида ДСҚ АТга жўнатадилар.

Операторлар тасдиқланган электрон ҳужжатларни ўзларининг базаларида камида 5 йил давомида сақланишини таъминлайдилар ва ваколатли органларнинг ёзма сўровига кўра сақланаётган маълумотлар тўғрисида ахборот беришлари шарт.

Операторлар ўзларининг тизимларини ўзаро интеграциясини ва бир-бирига мослигини таъминлашлари шарт.

Тизимларнинг ўзаро интеграцияси ва бир-бирига мослиги деганда электрон ҳужжатларни ўз вақтида, узлуксиз, кафолатли етказилиши ва сақланиши тушунилади.

Етказиб берувчи сотиб олувчига ЭҲФ тақдим этишда ЭҲФни шакллантириб, ўзининг электрон рақамли имзоси билан имзолаган ҳолда сотиб олувчига юборади. ЭҲФ санаси автоматик тарзда шаклланади ва электрон ҳужжатга QR-коди бириктирилади. ЭҲФнинг тартиб рақами автоматик тизим орқали шакллантирилади ёки етказиб берувчи томонидан қўлда киритилади.


Агар етказиб берувчи ва сотиб олувчи битта операторнинг мижози бўлса, ЭҲФ харидорга тўғридан-тўғри йўналтирилади ва тизим электрон ҳужжатга “Етказилган” мақомини бириктиради.

Агар етказиб берувчи ва сотиб олувчи турли операторларнинг мижози бўлса, ЭҲФ сотиб олувчига ДСҚ АТ орқали юборилади ва тизим электрон ҳужжатга “Етказилган” мақомини бириктиради.

Сотиб олувчи қабул қилинган ЭҲФ билан танишиб чиққанидан сўнг, уни электрон рақамли имзо билан тасдиқлашга ёки ушбу электрон ҳужжатнинг шарҳида сабабини кўрсатган ҳолда рад этишга ҳақли.

Сотиб олувчининг ишончли вакили етказиб берувчидан товарларни қабул қилиб олиши талаб этилса, етказиб берувчи томонидан тақдим этилган ЭҲФни тасдиқлашдан аввал сотиб олувчи электрон ишончномани шакллантиради.

Сотиб олувчи томонидан тасдиқланган ЭҲФ етказиб берувчига тўғридан-тўғри ёки ДСҚ АТ орқали юборилади. Бундай ҳолда, электрон ҳужжат мақоми “Етказилган”дан “Тасдиқланган” мақомига ўзгаради. Шу пайтдан бошлаб ЭҲФ икки томонлама тасдиқланган ҳисобланади.

Сотиб олувчининг ишончли вакили томонидан етказиб берувчидан товар олинаётганда паспорт тақдим этилади.

Сотиб олувчи ЭҲФни тасдиқлашни рад этганда, мазкур ҳаракат сабабини келтирган ҳолда шарҳ беради. Бундай ҳолатда электрон ҳужжат мақоми “Етказилган”дан “Рад этилган” мақомига ўзгаради.

Аввал шакллантирилган ЭҲФга тузатиш киритиш зарурати пайдо бўлганда, қўшимча ЭҲФ шакллантириш мазкур бобда белгиланган тартибда амалга оширилади. Бундай ҳолатда қайта шакллантирилган ЭҲФнинг реквизитларида ўзгартириш киритилаётган аввал шакллантирилган ЭҲФнинг рақами ва санаси кўрсатилади.

Товарларни (ишларни, хизматларни) якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширмайдиган жисмоний шахсга реализация қилишда, етказиб берувчи ЭҲФ шакллантириб, ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди. ЭҲФнинг санаси автоматик тарзда шаклланади, электрон ҳужжатга QR-коди бириктирилади ва “Тасдиқланган” мақоми берилади.

ЭҲФ шакллангандан сўнг, етказиб берувчи уни қоғоз шаклида чоп этиб, раҳбарнинг (бош ҳисобчининг) имзоси билан тасдиқлайди ҳамда муҳрлаб (мавжуд бўлган тақдирда) жисмоний шахсга тақдим этади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид