Иқтисодиёт | 18:36 / 04.09.2023
20199
3 дақиқада ўқилади

“Tax gap” ва ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиб қўйиш амалиётлари бекор қилинди

Президент қарори билан, шунингдек, солиқ органларининг камерал текширувлар бўйича ваколатлари қисқартирилди. Солиққа оид ишлар иқтисодий судлардан маъмурий судларга ўтказилиб, солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати 5 йилдан 3 йилга туширилади.

Фото: Depositphotos

“Ўзбекистон Республикаси президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга асосан:

  • қўшилган қиймат солиғининг салбий суммаси ўрнини қоплашда (қайтаришда) солиқ узилиши (tax gap) коэффициентини қўллаш амалиёти тақиқланади;
  • қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш тартиби бекор қилинади (амалга оширилаётган битимлар (операциялар) харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) номенклатурасига номувофиқ бўлган ҳолатлар бундан мустасно);
  • фойда солиғи бўйича ҳар ой бўнак тўловларини тўлаши лозим бўлган тадбиркорлик субъектлари даромадининг чегаравий миқдори 5 млрд сўмдан 10 млрд сўмга оширилади.

2024 йил 1 январдан бошлаб:

  • иқтисодий судлар томонидан солиқ органлари иштирокида кўрилаётган ишлар маъмурий судлар юрисдикциясига ўтказилади;
  • солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати 5 йилдан 3 йилга туширилади.

Камерал солиқ текширувини ўтказишда қуйидагилар тақиқланди (ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш)да ўтказиладиган камерал солиқ текширувлари бундан мустасно):

  • солиқ тўловчининг ҳудудига кириш;
  • солиқ тўловчининг ҳудудини ва биноларини кўздан кечириш;
  • солиқ тўловчидан ҳужжатларни талаб қилиб олиш ва уни чақиртириш;
  • солиқ тўловчининг ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш.

Камерал солиқ текшируви натижалари бўйича тадбиркорлик субъектларига қўшимча ҳисобланган солиқлар суммаларини 6 ой давомида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби жорий этилади. Бу борадаги қонун лойиҳаси декабр ойигача тайёр бўлиши керак.

2024 йил 1 январдан эътиборан қуйидагича тартиб ўрнатилади:

  • аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, мазкур кредитлар бўйича фоизлар ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилади;
  • тўлов миқдори кредит мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаганда, маблағлар, биринчи навбатда, мутаносиб равишда муддати ўтган асосий қарз ва фоиз қарздорликларини, иккинчи навбатда жорий тўлов учун ҳисобланган фоизлар ва асосий қарзни, кейинги навбатларда неустойка ва ижро харажатларини қоплашга йўналтирилади.

Қарор билан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши таркиби янгиланди. Кенгаш йиғилишлари ойига камида бир марта ўтказиб борилиши белгиланди. Тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказишдан олдин ушбу кенгаш муҳокамасидан ўтказиш тартиби жорий этилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан 2024 йилги учрашуви Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилади. Вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Қорақалпоғистонда истиқболли инвестиция лойиҳалари амалга оширади. Бу лойиҳалар рўйхати 2 ой ичида тайёр бўлиши керак. Шунингдек, тадбиркорларга қулай шарт-шароит яратишни назарда тутувчи “Қорақалпоғистонда бизнес қилинг” дастури амалга оширилади.

Мавзуга оид