Жамият | 17:25
37320
5 дақиқада ўқилади

Одилхон Исмоилов қамоққа олинди

Поп туман судида кўрилаётган жиноят иши доирасида 5 нафар судланувчи, жумладан Одилхон Исмоиловга нисбатан ҳам «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов органи Одилхон қорига Жиноят кодексининг 8 та моддаси бўйича айблов эълон қилган.

Одилхон Исмоилов / Фото: Халқаро пресс клуб

Куни-кеча ижтимоий тармоқларда «Одилхон қори» номи билан машҳур бўлган собиқ имом Одилхон Исмоилов қамоққа олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Баъзи манбаларда унга нисбатан қидирув эълон қилингани ҳам ёзилди.

Kun.uz'га маълум бўлишича, 2026 йил 21 январ куни Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Поп туман судида қатор иқтисодий жиноятлар содир қилишда гумонланган 6 кишига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган.

Ушбу ишда гумонланувчилар қаторида Одилхон Юнусхон ўғли Исмоилов ҳам бор. Тергов органи унга нисбатан Жиноят кодексининг 8 та моддаси бўйича айблов қўйган. Хусусан:

  • 167-модда 3-қисми "а" банди, "в" банди – Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ томонидан);
  • 179-модда – Сохта тадбиркорлик;
  • 184-модда 3-қисми – Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш;
  • 189-модда 1-қисми – Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш;
  • 209-модда 2-қисми "а" банди, "б" банди – Мансаб сохтакорлиги;
  • 227-модда 2-қисми "а" банди – Ҳужжатлар, штамплар, автомототранспорт воситаларининг давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш;
  • 228-модда 2-қисми "а" банди, "б" банди – Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш;
  • 228-модда 3-қисми – Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш.

Бундан ташқари, Одилхон Исмоилов билан бирга яна 5 киши ушбу иш доирасида айбланмоқда. Уларга ҳам шу турдаги бир қанча моддалар билан айбловлар қўйилган.

Иш судя Адолат Хўжаева раислигида кўрилган, жабрланувчилар қаторида Беҳзод Аҳмедов ва Ғолибжон Ўринбоев саналган.

Олий суд матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, 49 ёшли Одилхон Исмоилов ва бошқалар, жами 6 кишига нисбатан Жиноят кодексининг 167, 179, 184, 189, 28, 209, 209, 227, 228-моддалари билан айблов қўйилган. Уларга оид жиноят иши айни пайтда жиноят ишлари бўйича Поп туман судида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, 5 нафар судланувчи жумладан Одилхон Исмоиловга нисбатан ҳам «қамоққа олиш» эҳтиёт чоралари, 1 нафар шахсга эса «гаров» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Олий суд расмийси суд жараёни якуни бўйича қўшимча маълумот берилишини маълум қилди.

Одилхон қори Юнусхон ўғли – сўнгги ўн йилликларда ижтимоий тармоқларнинг ўзбекзабон сегментида машҳур бўлган воиз ва имомлардан бири. У ўз фаолиятини 1998-1999 йилларда Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги «Ҳазрати Умар» жоме масжидида имом–хатиб вазифасидан бошлаган.

1999–2000 йилларда Шайхонтоҳур туманидаги «Шайх Зайниддин» жоме масжидида (Кўкча) имом ноиби вазифасида ишлаган. 2010 йилдан Тошкент шаҳар бош имом–хатиби ўринбосари бўлган. 2011 йилдан 2018 йилнинг ёзигача Шайхонтоҳур тумани бош имом хатиби ва «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом-хатиби бўлиб ишлаганди.

2018 йил июл ойида Одилхон қори «тасдиқланмаган хабарларни интернет орқали тарқатгани ва беморлиги важидан вазифани уддалай олмаётгани сабабли» Мусулмонлари идораси раиси, марҳум муфтий Усмонхон Алимов томонидан ишдан олинган эди.

Шундан сўнг у диний идора ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фондининг Диний-маърифий тарғибот бўлимини бошқарган.

2019 йил февралида Одилхон қори Юнусхон ўғли Шайхонтоҳур тумани, «Хўжа Аламбардор» масжидига (халқ тилида Камолон масжиди) имом-хатиб этиб тайинланган. 2019 йилнинг сентябрида эса соғлигидаги муаммолар туфайли ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этилганди. Шундан сўнг, Одилхон қори Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритмаган.

Олий суд маълумотига кўра, 49 ёшли Одилхон қори Юнусхон ўғли – Наманган вилоятида туғилган, “Rayxon oilaviy milliy taomlari” таъсисчиси ҳисобланади.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид